Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)ни ҳажв қилган “Charlie Hebdo” таҳририятига ҳужум уюштирганлар жазоланди
Олам
−
19 Декабрь 2020
18096Париж суди 2015 йилда “Charlie Hebdo” ҳажвий журнали таҳририятига ҳужум қилишда айбланган икки кишига 30 йил қамоқ жазоси тайинлади. Бу ҳақда “Le Figaro” хабар берди.
Қайд этилишича, Али Ризо Полат ва Ҳаёт Бумедьен теракт уюштиришга шерикликда айбланди. Қораловчи айбланувчиларга умрбод қамоқ жазоси сўраган.
Маълумотларга кўра, Полат терактнинг тўғридан-тўғри ижрочилари билан бевосита алоқада бўлган. Унинг адвокатлари суд ҳукмидан шикоят қилмоқчи.
Париж суди 2015 йилда Charlie Hebdo таҳририятига ҳужум уюштириш ва дўконда одамларни гаровга олишда айбланган 14 кишининг ишини кўриб чиқди. Айбланувчилар турли муддатларга қамалди. Энг кам муддат 4 йил бўлса, кўпи умрбод қамоқ жазоси бўлди.
Энг оғир жазони Муҳаммад Белҳусин олди. У ИШИД террорчилик ташкилотига қўшилиб, тахминларга кўра, жангда ҳалок бўлган. Унга нисбатан жазо сирттан тайинланди.
Маълумот учун, Франциянинг "Charlie Hebdo" сатирик ҳафталик нашри таҳририятига 2015 йилнинг 7 январида ҳужум қилинганди. Бунга журнал пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)ни ҳажв қилувчи карикатураларини чоп этгани сабаб бўлган.
Ҳужумда 12 киши ҳалок бўлган. Мазкур иш бўйича суд эшитувлари бундан 3 ой аввал бошланганди.
Эслатиб ўтамиз, "Charlie Hebdo" журнали ўз таҳририятига ҳужум қилганлар устидан суд бошланганда яна пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)ни ҳажв қилувчи карикатураларини чоп этганди. Бунга акс садо ўлароқ 16 октябрь куни Париж яқинидаги Конфлан-Сент-Онорин коммунасида чечен йигит мактаб ўқитувчисининг бошини танасидан жудо қилди. Францияда бундан кейин ҳам бир неча ҳужумлар юз берди.
LiveБарчаси