Ўқитувчининг ўлимидан кейин оммавий ҳибсга олиш бошланди
Олам
−
19 Октябрь 2020
15162Франция полицияси жорий йилнинг 16 октябрь куни Париж яқинидаги Конфлан-Сент-Онорин комуннасида мактаб ўқитувчисининг ваҳшийларча ўлдирганидан кейин ўнлаб одамларга қарши операцияларни олиб бормоқда. Қайд этилишича, ушбу тажовузкор ҳаракатни интернет тармоқларда қўллаб-қувватлаётган фойдаланувчилар ҳам текширувга олинмоқда. Бу ҳақда бугун, 19 октябрь куни Ички ишлар вазири Жеральд Дарманен маълум қилди.
Айни вақтда ижтимоий тармоқлар орқали ўқитувчининг қотилини қўллаб қувватлаган 74 кишига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Уларни ҳисбга олиш ишлари бошланган.
"Ижтимоий тармоқларда нафратни йўқ қилиш бўйича фаол ишларни давом эттиришимиз керак. Улар ўқитувчига қарши фатво чиқаришган. Бугун ўқитувчи, эртага полиция ходими, индинга журналист...”, дейди вазир.
Жиноятни тергов қилиш Франциянинг аксилтеррор прокуратурасига топширилган. Франция Президенти воқеани террористик ҳаракат деб атади. Полициянинг сўнгги хабарларига кўра, ҳужумни тергов қилиш пайтида 11 киши ҳибсга олинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 октябрь куни Конфлан-Сент-Онорин номли кичик шаҳарчада мактабнинг тарих фани ўқитувчиси мудҳиш қотиллик қурбони бўлди. Қотил пичоқ билан қуролланиб, мактаб ёнида ўқитувчининг бошини танасидан жудо қилган. Кейин у шаҳар полицияси томонидан отиб ўлдирилган.
Маълум бўлишича, ўқитувчи сўз эркинлиги бўйича муҳокамалар вақтида синфда “Charlie Hebdo” ҳажвий журналида эълон қилинган пайғамбар Муҳаммад (с.а.в)нинг таҳқирловчи карикатураларни намойиш қилган.
"Charlie Hebdo" иши
Франциянинг "Charlie Hebdo" сатирик ҳафталик нашри 2015 йил январь ойида таҳририятга қилинган ҳужумга сабаб бўлган пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг карикатураларини жорий йилнинг 1 сентябрь куни қайта чоп этди. Нашр буни 12 кишининг ўлимига сабаб бўлган теракт бўйича суд жараёни бошланиши арафасида амалга оширди.
Гап шундаки, бундан 5 йил аввал "Charlie Hebdo" журнали Муҳаммад (с.а.в.)ни ҳажв қилиб чиққани учун, таҳририят террорчилик ҳаракати нишонига айланган эди. Унда 12 киши қурбон бўлди.
Ҳужум 2015 йилнинг 7 январь кунига тўғри келган.
2 сентябрь куни Францияда илк ҳужум билан боғлиқ суд иши бошланди. Унда 14 гумондор ҳозир бўлди. Суд тингловчи 10 ноябрга қадар давом этади.
"Charlie Hebdo” журналида муқаддас Ислом динининг сўнгги пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.)нинг карикатураси чоп этилиши мусулмон мамлакатларнинг Францияга қарши эътирозига сабаб бўлиб, зиддиятларни оширмоқда. Бунга нисбатан Туркия ва Эрон муносабат билдирди.
Президент Эммануэль Макрон таҳририят ҳаракатларини сўз эркинлигининг ифодаси деб атади.
LiveБарчаси