Ўқитувчининг боши танасидан жудо қилинди. У Муҳаммад (с.а.в.)нинг карикатурасини ўқувчиларига кўрсатган
Олам
−
17 Октябрь 2020
85399Кеча, 16 октябрь куни Париж яқинидаги Конфлан-Сент-Онорин комуннасида 18 яшар маҳаллий фуқаролардан бири кўчада тарих фани ўқитувчиси Буа-д'Ольн Сэмюэль П.нинг бошини танасидан жудо қилди.
Маълум бўлишича, ўқитувчи сўз эркинлиги бўйича муҳокамалар вақтида синфда “Charlie Hebdo” ҳажвий журналида эълон қилинган пайғамбар Муҳаммад (с.а.в)нинг таҳқирловчи карикатураларни намойиш қилган. Шу сабаб ундан шу тарзда қасос олинган. Гувоҳларнинг таъкидлашича, ҳужум пайтида қуролланган шахс “Аллоҳу Акбар!” деб бақирган.
Ҳодиса 16 октябр куни кундузи рўй берган. Хабарларга кўра, мактаб ўқувчиларининг бирининг отаси ўқитувчига кўчада ошхона пичоғи билан ҳужум қилган.
Қотил асли москвалик бўлгани тахмин қилинмоқда. Бу маълумот ҳозирча ўзининг расман тасдиғини топмаган. Россия элчихонаси гумонланаётган шахс бўйича маълумотларга эга бўлиш учун француз ҳукуматига расмий мурожаат юборган.
Қотилликда гумонланган шахс полиция ходимлари томонидан қўшни Эраньи комуннасида отиб ташланган. Қотиллик иши терговига прокуратуранинг аксилтеррор бўлими ҳам жалб қилинган. РИА Новости хабарига кўра, ҳозирда ўқитувчининг ўлдирилиши муносабати билан олиб борилаётган тергов ишлари доирасида тўрт шахс ҳибсга олинган. Улар ўқитувчини ўлдирган қотилнинг яқин танишлари экани айтилмоқда.
Қотиллик юз берган комуннага қатор вазирлар ҳамроҳлигида етиб келган Франция президенти Эммануэль Макрон юз берган ҳодисани теракт, дея атаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 сентябрь куни номаълум шахс пичоқ билан Парижнинг 11-округидаги жанжалли машҳур "Charlie Hebdo" сатирик ҳафталик нашри собиқ таҳририяти ёнида тўрт кишини яралаган эди.
"Charlie Hebdo" иши
Франциянинг "Charlie Hebdo" сатирик ҳафталик нашри 2015 йил январь ойида таҳририятга қилинган ҳужумга сабаб бўлган пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг карикатураларини жорий йилнинг 1 сентябрь куни қайта чоп этди. Нашр буни 12 кишининг ўлимига сабаб бўлган теракт бўйича суд жараёни бошланиши арафасида амалга оширди.
Гап шундаки, бундан 5 йил аввал "Charlie Hebdo" журнали Муҳаммад (с.а.в.)ни ҳажв қилиб чиққани учун, таҳририят террорчилик ҳаракати нишонига айланган эди. Унда 12 киши қурбон бўлди.
Ҳужум 2015 йилнинг 7 январь кунига тўғри келган.
2 сентябрь куни Францияда илк ҳужум билан боғлиқ суд иши бошланди. Унда 14 гумондор ҳозир бўлди. Суд тингловчи 10 ноябрга қадар давом этади.
"Charlie Hebdo” журналида муқаддас Ислом динининг сўнгги пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.)нинг карикатураси чоп этилиши мусулмон мамлакатларнинг Францияга қарши эътирозига сабаб бўлиб, зиддиятларни оширмоқда. Бунга нисбатан Туркия ва Эрон муносабат билдирди.
Президент Эммануэль Макрон таҳририят ҳаракатларини сўз эркинлигининг ифодаси деб атади.
LiveБарчаси