“Туркиядаги ватандошимиз фожиаси” – депутатлар Қодированинг ўлимига эътибор қаратди

Жамият 3936
image

Хабарингиз бор, бир неча кундирки Туркия пойтахти Анқарада “Адолат ва тараққиёт” партияси депутати ва нафақадаги генерал Ширин Уналнинг уйида оқсоч бўлиб ишлаган ўзбекистонлик Нодира Қодированинг ўлими ҳам Туркия, ҳам Ўзбекистонда диққат билан кузатиб бориляпти. Дастлаб Қодирова ўз жонига қасд қилди дейилди, кейинроқ эса қиз ўлдирилди деган тахминлар билдириб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Расул Кушербоев ва Бекзод Ортиқов Нодира Қодирова ўлими ҳақида фикр билдириб, чет эллардаги ўзбекистонликларни ҳимоя қилиш масаласига тўхталиб ўтди.

Сўнгги вақтларда Интернет бутунжаҳон ахборот тармоқлари орқали мусофирчиликда меҳнат қилаётган фуқароларимиз билан боғлиқ турли нохуш ҳолатлар ҳақида эшитаяпмиз.

Шундай ҳолатлар қаторида Туркия давлатида ҳаёти ўлим билан якун топган юртдошимиз Нодира Қодирова билан боғлиқ вазиятни келтириш мумкин.

Мазкур масала кўпчилик қатори биз учун ҳам қайғули. 

Бу ҳолат яна бир бор чет элларда вақтинча меҳнат қилаётган ватандошларимизни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш тизимига доир масалаларни комплекс тарзда қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда. Ва, афсуски бунда тегишли дипломатик ваколатхона ҳамда консулликларимизнинг фаолияти талаб даражасида эмаслигини билдириб ўтмоқчимиз. 

Чунки ёш фуқаромиз Нодира Қодированинг масаласи бўйича туркиялик фаол жамоатчилик вакиллари зарур қонуний чораларни кўриб, ҳақиқатни қарор топтириш талабини қўяётган бир пайтда, Ташқи ишлар вазирлиги вазият элчихона назоратида эканлигини билдириб ўтиш билан чекланди холос

Бироқ назаримизда элчихона ва консуллик хизмати аввало вазиятни инсон ўлимига олиб келгунга қадар назоратга олиши ва шу вақт ичида фуқароларимизга зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатиши керак эди. Чунки консуллик аввало марҳум эмас, ҳаёт фуқароларимизга яқиндан кўмак кўрсатиш учун ташкил этилган. 

Биз Туркия ҳуқуқни мухофаза қилиш идоралари томонидан бу ҳолат бўйича тергов ишлари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг олий даражасида кўрилиб шаффоф, адолатли ва қонуний олиб борилишига қаттиқ умид қиламиз. 

Шу ўринда табиий савол туғилади: нима учун чет эллардаги элчихона ва консулликларимиз фуқароларимизни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларнинг сарсонгарчиликларига йўл қўймаслик борасида ҳалигача “пассив”лик қилишмоқда? Чет эллардаги элчихона ва консулликларимизда турли бюрократик қоидалар, навбатлар ва баъзан консулларимизнинг инсон тақдирига бефарқ бўлиши каби ҳолатлар ҳақида сайловчилардан ҳам кўп бора эшитишга тўғри келмоқда.

Ваҳоланки, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига мувофиқ чет элда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг ҳимояси ва ҳомийлигидан фойдаланадилар. Буни амалга оширишда эса биз элчихоналаримиз ва консулликларимизга суянамиз. 

Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставига мувофиқ консуллик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва юридик шахслари консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларида, Ўзбекистон Республикаси ва консуллик муассасаси жойлашган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномаларда берилган барча ҳуқуқлардан тўлиқ ҳажмда фойдаланиш имкониятига эга бўлиши учун Ўзбекистон Республикаси томонидан чоралар кўриш мақсадида амалга оширилади. 

Шунингдек, яқинда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, мамлакат ҳудуди ва ташқарисида ҳам ишончли ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя кафолатларини кучайтириш бўйича алоҳида Фармони қабул қилинди.

Туркиядаги ҳолат кўпчиликка маълум бўлган биргина мисол холос. Афсуски бошқа мамлакатлардаги вазият ҳам ҳавас қиларлик эмас аслида.

ЎзЛиДеП томонидан меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш вазифаси сайловолди платформасининг устувор вазифалари қаторида белгиланаётган бир вақтда биз Туркиядаги нохуш ҳолатдан келиб чиқиб, Ташқи ишлар вазирлиги чет эллардаги барча элчихона ва конусулликларимиз томонидан фуқароларимизни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш борасидаги сусткашликлари юзасидан асослантирилган тушунтириш бериши керак, деб ҳисоблаймиз. 

Шу боис, мазкур масала бўйича депутатлик сўрови киритиб, тез кунларда унинг натижалари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга қарор қилдик”, дейди депутатлар Кушербоев ва Ортиқов.

Эслтиб ўтамиз, Нодира Қодированинг ўлими Туркия парламентида ҳам кўтарилди. Турк депутати Сера Кадигил ўзбекистонлик қизнинг ўлими юзасидан Туркия Адлия вазири Абдулҳамид Гулга сўров юборди.

Нодира Қодированинг дугонаси Лайло Ниёзова ва акаси Муҳаммадали Қодиров воқеа ҳақида билганларини очиқлади. Мазкур ишни юритаётган прокурор эса Қодированинг фоҳишалик билан шуғулланганига имо қилди.

Кейинроқ Болалар ва аёллар уюшмаси раҳбари Мужде Тозбей Эрден жабрланувчининг ҳимоячиси бўлишга қарор қилди ҳамда иш бўйича ўз гумонларини билдирди.

Унинг қайд этишича, Нодира Қодированинг ўлими жуда шубҳали ва бу воқеада “Адолат ва тараққиёт” партияси депутати, нафақадаги генерал Ширин Унал ўта ҳимояланган. Адвокат прокуратура иш юзасидан тергов олиб бориш ўрнига, Нодиранинг фоҳишалик билан шуғуллангани ёки йўқлигини суриштириш билан банд эканини танқид қилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 86
Рейтинг: 2.9
Будьте в курсе событий!
×
×