Қодирова ўзини отиб қўйганда депутат уйда бўлган. Марҳуманинг акаси ҳаммасини айтиб берди
Жамият
−
27 Сентябрь 2019
24414Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси депутати, нафақадаги генерал Ширин Уналнинг уйида оқсоч бўлиб ишлаётган 23 яшар ўзбекистонлик Нодира Қодирова генералнинг тўппончаси билан ўзини отиб, жонига қасд қилгани ҳақида хабар берган эдик. Туркия маҳаллий нашрлари Нодира Қодированинг акаси билан навбатдаги суҳбатни эълон қилди. Марҳуманинг акаси Муҳаммадали Қодиров бўлиб ўтган воқеаларни қуйидагича изоҳлади:
“Воқеа 23 сентябрь куни соат 20:48 да рўй берган. Ундан 5 дақиқа аввал уй эгаси Ширини Унал менга қўнғироқ қилди ва уйида сақлаётган тўппончаси йўқолганини айтди. Синглинг қуролни сенга олиб бориб бердими, деган саволни берса керак, деб ўйладим. Йўқ, у Нодиранинг қўлида тўппонча билан хонага киргани ва эшикни ичкаридан қулфлаганини айтди. Телефон ортидан эса Уналнинг қизи бақираётгани, эшикка ўзини ураётгани эшитилиб турарди. У бирдан гўшакни қўйди. Ўша заҳоти таксига ўтириб, Чойколудаги уйига бордим. Аммо мен етиб борганимда синглим аллақачон ўз жонига қасд қилиб бўлган эди.
Йўлимни полиция тўсди. Синглим қаерда, деб сўрадим. У Нодирани шифохонага олиб кетишганини айтди. Ширин Унал синглим тўппончадан ўзига ўқ узганини айтди. Ўша маҳал чўнтагимда 1 тийин ҳам пулим йўқ эди. Полиция ходими 50 турк лирасини қўлимга тутқазди. Таксига ўтириб, шифохонага етиб бордим.
Мени ичкарига киритинг, отамиз уни менга омонат қилган, деб бақирдим. Бирдан шифокор кўринди ва ёнимга келиб, “Бандалик экан”, деди. Ўша вақт ҳаммаси тугагандек кўринди. Докторнинг оёғига йиқилдим”.
Муҳаммадали Қодиров ОАВга берган илк интервьюсида суд-тиббий экспертиза жуда тез ўтказилгани, унинг жавоблари депутат Ширин Уналнинг аралашуви билан жуда тез чиқарилгани ҳақида гапириб, экспертиза хулосаларига шубҳа билдирган эди. Навбатдаги суҳбатда у бу гумонлар ҳақида сўз очмаган.
“Синглимни яхши билардим, дори ичиш даражасида муаммолари бўлмаган. Ўз жонига қасд қилишга жасорати ҳам бўлмаган. 23 ёшли бир қизнинг шунчаки тўппончани топиб, тепкини босишига имкон йўқ. Тўппончадан ўқ бошига эмас, чап кўкраги тарафига отилган. Ўнг кўкрагига, юраги устига тегиб ўтган.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонасидагилар синглимнинг жасадини Ўзбекистонга олиб бориш бироз сарф-харажат талаб қилишини айтдилар. Депутат Ширин Уналнинг ҳайдовчиси бу харажатларни тўлашини айтиб, Нодиранинг жасади учун 1450 доллар, менинг самолётга чиптам учун 482 доллар берди”.
23 яшар Нодира Қодирова 19 яшарлигидан буён Туркияда яшаб келаётган эди.
Қодирова бир кун аввал дугонаси Лейлага “Жуда ёмон ишлар бўляпти. Мен акамнинг юзига қандай қарайман. Ўлишни истайман”, деган.
Ширин Уналнинг уйида икки ўзбек аёли оқсоч бўлиб ишлаган. Нодира асосан генаралнинг доимий эътиборга муҳтож рафиқасига ёрдамчи бўлган.
Жорий йилнинг 25 сентябрь куни Қодированинг жасади Анқара-Истанбул-Тошкент йўналиши билан Ўзбекистонга олиб келинган.
“Нодиранинг жуда кўп орзу-умидлари бор эди. Бу йил университетга кириш учун тайёргарликни бошламоқчи эди”, дейди марҳуманинг акаси Муҳаммадали Қодиров сўзи сўнгида.
Эслатиб ўтамиз, ҳодиса ортидан Анқара Полиция бошқармаси баёнотида шундай дейилган эди:
“Воқеа жойида ўтказилган текширувда суиқасддан бошқа бирор шубҳали ҳолат аниқланмади. Нодира Қодированинг хонасида жонига қасд қилиш ниятида бўлгани тўғрисидаги қайдлар ва бошқа барча далиллар тергов материалига киритилган. Ҳолат юзасидан суриштирув прокурор томонидан олиб бориляпти”.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15