Тожик-қирғиз можароси: чегарада яна отишма бошландими?

Олам

image
0:00
0:00
download

Бугун, 1 май куни Қирғизистон чегара хизмати Тожикистон томонидан қирғиз халқининг турар-жойларига ўт очилгани ҳақида хабар тарқатди. "Asia-plus" нашрига кўра, Тожикистонлик чегарачилар ва мамлакатнинг чегараолди вилоятлари аҳолиси эса бу маълумотларни рад этмоқда.  

"Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати тарқатган маълумотлар ҳақиқий эмас. Тожикистон на маҳаллий аҳолига ва на уларнинг уйларига қарата ўт очди. Биз эришилган келишувга содиқмиз", дея хабар берган Тожикистон Ҳукуматидаги манба. 

Чегарадаги Чоркуҳ, Хўжайи-Аъло, Овчи-Қалъача ва Арка туманлари аҳолиси ҳам чегарада ўқ отиш кузатилмаганини "Азия-Плюс"га маълум қилган. 

"Эрталабдан бери биз ўқ овозларини эшитмадик. Ҳозирча вазият барқарор, аммо Қирғизистон томонидан қўшимча ҳарбий техника келмоқда", деган Хўжайи-Аъло қишлоғи фуқароси. 

Бироқ, Чоркуҳ жамоатининг Сомониён қишлоғида отишма эшитилган. Ким отаётганини аниқлашнинг имкони бўлмаган. 

Маълумот ўрнида, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати Тожикистон ҳарбий хизматчилари Боткен вилоятининг Лайлак тумани Арка ҳудудида турар жой бинолари ва Қирғизистон фуқароларига қарата ўқ узганликларини маълум қилган.

Ижтимоий тармоқларда эса икки давлат чегарасидаги қишлоқларда уйлар ёнаётгани акс этган видеолар тарқалмоқда. Аммо воқеа айнан қаерда бўлгани номаълум.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, чегаранинг қирғиз-тожик қисмидаги можаро натижасида эвакуация қилинган одамлар сони 27 358 кишини ташкил этади. 

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, чегара можароси пайтида 163 қирғизистонлик жароҳатланган, 31 киши вафот этган.

Тожикистон томони қурбонлар ва ўлганлар ҳақида расмий маълумотларни ҳозирча тақдим этмаган. Баъзи хабарларга кўра, тахминан 100 киши жароҳат олган, 8-10 киши вафот этган.

Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро

Жорий йилнинг 17 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида жанжал юз берди. Бунга Қирғизистон томони Тожикистон билан келишмасдан икки давлат учун умумий бўлган асосий сув тақсимлаш иншооти – “Головная” олдида кўприк қуриш ҳаракатини бошлагани сабаб бўлди.

Шундан сўнг, Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.

Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди.

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.

29 апрель кунининг биринчи қисмида бошланган икки ўртадаги отишма томонларнинг саъй-ҳаракатлари билан куннинг охирида тўхтатилди

Бироқ, 29 апрель куни тузилган ўқ узишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳ узоққа бормади. Эртаси куни, яъни 30 апрелда яна ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.

Шундан сўнг, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари ўртаси бўлиб ўтган телефон мулоқотида Жапаров ва Раҳмон май ойининг иккинчи ярмида Душанбеда юзма-юз учрашув ўтказишга келишиб олди.

Ўз навбатида, Россия Президенти Владимир Путин Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги инқирозли вазиятни ҳал қилишда воситачилик қилишга тайёр эканини маълум қилган


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Қирғизистон

Баҳолаганлар

176

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг