Қирғизистон коррупционерларга умрбод давлат лавозимида ишлаш тақиқламоқчи

Олам

image

Қирғизистон Жогорку Кенешига коррупция жинояти учун судланган шахсларнинг давлат раҳбарлик лавозимларини эгаллашини умрбод тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси киритилди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.

Ҳужжат депутат Женишбек Токторбоев томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, давлат ва муниципал органларда коррупцияга қарши курашни кучайтиришга қаратилган.

Лойиҳага кўра, коррупция бўйича судланган фуқаролар судланганлиги олиб ташланган ёки олиб ташланмаганидан қатъи назар, президент, парламент депутати ёки Вазирлар Маҳкамаси аъзоси лавозимларида ишлай олмайди.

Ташаббускорнинг қайд этишича, кўрилган чораларга қарамай, давлат органларида коррупция даражаси юқорилигича қолмоқда. Бир умрлик тақиқнинг жорий этилиши давлат аппаратини виждонсиз амалдорлардан тозалаш ва уларнинг кейинги коррупцион фаолиятининг олдини олишга қаратилган.

Қонун лойиҳасида “Президент ва Жогорку Кенеш депутатлари сайлови тўғрисида”ги ва “Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги конституциявий қонунларга ўзгартиришлар киритиш ҳам таклиф этилмоқда.

Маълумот учун, Махсус хизматлар раҳбари Жогорку Кенеш йиғилишида биринчи ўқишда депутатларга коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этган эди. Қонун лойиҳасида коррупцияда айбланаётган шахснинг турмуш ўртоғи ёки унинг яқин қариндошлари оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айбдор деб топилган ёхуд жиноий иш реабилитация билан боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра тугатилган бўлса, коррупция жиноятларидаги айбдор шахсларга давлат ва муниципал лавозимларни эгаллашни мажбурий ва умрбод тақиқлаш назарда тутилган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Ўш шаҳридаги Валентина Терешкова номидаги мактаб-интернат қурилишига ташриф буюрар экан, амалдорлар ўртасидаги коррупция ҳолатларини яна танқид қилганди. Ташиевга кўра, Қирғизистонда давлат хизматчилари энди коррупциясиз яшай олмайди. Шу боис у кескин чоралар кўрмоқда ва коррупция жиноятлари учун жазони кучайтириш зарур, деб ҳисоблайди. Унинг эслатишича, аввалроқ мамлакат Президенти Садир Жапаров ҳокимият олдига энг муҳим вазифалардан бири – хавфсизликни сақлаш ва коррупцияга қарши курашни қўйган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция Қирғизистон тақиқ Жогорку Кенеш Женишбек Токторбоев давлат лавозими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг