Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Бош вазирлари чегара масаласида учрашади
Олам
−
07 Январь
2725Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумат раҳбарлари эртага, 8 январь куни уч давлат чегараси туташган жойда умумий чегаралар бўйича учрашув ўтказади. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
“Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси, Президент Администрацияси раҳбари Одилбек Қосималиев шу йилнинг 8 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода билан учрашади. Уч томонлама учрашув Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегаралари туташган нуқтада бўлиб ўтади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, учрашув давомида Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари ўртасида давлат чегаралари масалалари бўйича эришилган келишувларга оид музокаралар ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил декабрь ойида Тожикистон ва Қирғизистон ҳукумати делегациялари тўлиқ ҳолда Тожикистон-Қирғизистон давлат чегарасининг қолган ҳудудларини аниқлашни якунлаган эди. Кейинчалик, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров “Кабар” агентлигига берган интервьюсида Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара масалалари икки томоннинг ўзаро манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилганини билдирган.
LiveБарчаси