Қирғизистон ва Тожикистон чегарани белгилашни якунлади
Олам
−
04 Декабрь
1186Тожикистон ва Қирғизистон ҳукумати делегациялари тўлиқ ҳолда Тожикистон-Қирғизистон давлат чегарасининг қолган ҳудудларини аниқлашни якунлади. Бу ҳақда Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб, “Ховар” хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 4 декабрь куни Қирғизистоннинг Боткен шаҳрида ўтган Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича делегациялар раҳбарлари – Саймўмин Ятимов ва Қамчибек Ташиевнинг учрашувида ишчи гуруҳларга якуний ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнига киришиш бўйича топшириқ берилган.
Томонлар музокаралар тафсилотларини ошкор этмаган.
“Тожикистон билан чегара масаласи ҳал бўлди. Энди у парламентда ратификация қилинади ва ҳурматли Президентларимиз имзо чекишади. Бир неча ой ичида чегара масаласини якунлаймиз. Комиссия аъзоларига катта миннатдорлик билдираман, айниқса жаноб Ятимовга”, деди Қамчибек Ташиев музокаралар якунида.
Оғир музокаралар тарихи
Мазкур воқеа икки қўшни республика фуқаролари томонидан 20 йилдан ортиқ муддат давомида кутилганди. Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги умумий чегарани белгилаш бўйича музокаралар 2002 йилда бошланган. 2022 йилгача улар мунтазам тарзда ўтказилмаган ва катта танаффуслар билан давом этган. Чегаранинг умумий узунлиги 972 километрни ташкил қилса, 2022 йилга келиб шундан атиги 50 фоиздан сал кўпроғи аниқланган.
Кўп сонли низоли ҳудудлар сабаб Тожикистон-Қирғизистон чегарасида сув, ер, йўллар ва яйловлардан фойдаланиш масалаларида маҳаллий аҳоли ўртасида тез-тез можаро келиб чиққан. Кейинги йилларда бундай можароларда ҳарбийлар ҳам иштирок этган.
2021 йилнинг апрель-май ойларида ва 2022 йилнинг сентабрида икки давлат ҳарбий хизматчилари иштирокида чегарада кенг кўламли қуролли тўқнашувлар юз берган. Бу тўқнашувларда ўнлаб одамлар ҳалок бўлган. 2021 йилнинг май ойида Қирғизистон томонидан қабул қилинган қарор билан чегаралар ёпилган.
Сўнгги йирик можаро томонларни музокараларни фаоллаштиришга мажбур қилган. 2022 йил кузидан то ҳозирги кунгача икки давлат чегарасини делимитация қилиш масалаларига бағишланган ўнлаб учрашувлар ўтказилган. Ўзаро келишувга кўра, ишчи гуруҳ йиғилишлари навбатма-навбат Тожикистон ва Қирғизистонда ўтказилган, аммо музокаралар тафсилотлари ошкор қилинмаган.
Жорий йилнинг август ойи бошида Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев Қирғизистон-Тожикистон чегараси масаласида “бир нечта ечилиши керак бўлган нуқталар қолгани” ва улар 2-3 ой ичида ҳал қилинишини айтган.
Шундан сўнг, октябрь ойида Қамчибек Ташиев делимитация жараёнининг тез орада якунланишини эълон қилди ва охир-оқибат бу жараён якунланди.
LiveБарчаси
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси ўзгарди.
04 Декабрь
Доллар курси бироз пастлади.
04 Декабрь