Давлат хизматчилари энди коррупциясиз яшай олмайди – Ташиев
Олам
−
09 Декабрь
10593Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Ўш шаҳридаги Валентина Терешкова номидаги мактаб-интернат қурилишига ташриф буюрар экан, амалдорлар ўртасидаги коррупция ҳолатларини яна танқид қилди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Ташиевга кўра, Қирғизистонда давлат хизматчилари энди коррупциясиз яшай олмайди. Шу боис у кескин чоралар кўрмоқда ва коррупция жиноятлари учун жазони кучайтириш зарур, деб ҳисоблайди.
“Бундан буён амалдорлар коррупция жиноятлари учун жаримадан қутулиб қолмайди. Улар қамоқда бўлади”, деган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.
Унинг эслатишича, аввалроқ мамлакат Президенти Садир Жапаров ҳокимият олдига энг муҳим вазифалардан бири – хавфсизликни сақлаш ва коррупцияга қарши курашни қўйган эди.
“Ўтган 32 йил ичида коррупция ана шундай илдиз отган. У ҳозирча қолади. Биз жуда кўп муаммоларни ҳал қилдик, масалан, жиноят билан боғлиқ муаммоларни. Аммо коррупция сақланиб қолмоқда. Биз уни йўқ қилишимиз керак. Шунинг учун унга қарши кураш жуда қаттиқ бўлади”, дея қўшимча қилган Қамчибек Ташиев.
Маълумот учун, Махсус хизматлар раҳбари Жогорку Кенеш йиғилишида биринчи ўқишда депутатларга коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этган эди. Қонун лойиҳасида коррупцияда айбланаётган шахснинг турмуш ўртоғи ёки унинг яқин қариндошлари оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айбдор деб топилган ёхуд жиноий иш реабилитация билан боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра тугатилган бўлса, коррупция жиноятларидаги айбдор шахсларга давлат ва муниципал лавозимларни эгаллашни мажбурий ва умрбод тақиқлаш назарда тутилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев идора ходимлари ва бошқа давлат хизматчиларини фарзандлари ҳамда қариндошларининг топшириқларини бажармасликка чақирганди. Ташиев Қизил-Қия шаҳридаги Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг янги биноси очилишида сўзга чиқиб, давлат хизматчиларидан бирортаси унинг яқинлари билан алоқага чиқса, уларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилишидан огоҳлантирганди.
LiveБарчаси