Қамчибек Ташиев коррупционерлардан олинган маблағлар бўйича ҳисобот бермоқчи

Олам

image

Қирғизистоннинг Жогорку Кенеш йиғилишида мамлакатнинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев жорий йилнинг 15-16 декабрь кунлари коррупционерлардан олинган маблағлар юзасидан жамоатчиликка ҳисобот тақдим этишини маълум қилди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.

“Одамларда шундай саволлар бор, биламан. Мен сизга ҳамма нарсани айтиб бераман, кимдан қанча пул, мол-мулк ва бошқалар олингани ҳамда бу маблағлар қаерда эканлигини ҳам маълум қиламан. Тенгиз Болтурук билан боғлиқ саволларга ҳам жавоб бераман”, деган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.

Маълумот учун, Махсус хизматлар раҳбари Жогорку Кенеш йиғилишида биринчи ўқишда депутатларга коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этган эди. Қонун лойиҳасида коррупцияда айбланаётган шахснинг турмуш ўртоғи ёки унинг яқин қариндошлари оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айбдор деб топилган ёхуд жиноий иш реабилитация билан боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра тугатилган бўлса, коррупция жиноятларидаги айбдор шахсларга давлат ва муниципал лавозимларни эгаллашни мажбурий ва умрбод тақиқлаш назарда тутилган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Ўш шаҳридаги Валентина Терешкова номидаги мактаб-интернат қурилишига ташриф буюрар экан, амалдорлар ўртасидаги коррупция ҳолатларини яна танқид қилганди. Ташиевга кўра, Қирғизистонда давлат хизматчилари энди коррупциясиз яшай олмайди. Шу боис у кескин чоралар кўрмоқда ва коррупция жиноятлари учун жазони кучайтириш зарур, деб ҳисоблайди. Унинг эслатишича, аввалроқ мамлакат Президенти Садир Жапаров ҳокимият олдига энг муҳим вазифалардан бири – хавфсизликни сақлаш ва коррупцияга қарши курашни қўйган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон ҳисобот Қамчибек Ташиев коррупционерлар Жогорку Кенеш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг