“Омикрон” қайтарган чекловлар, яширилаётган қизлар ҳомиладорлиги, депутатларни огоҳлантирган Ғиёсов – янгиликлар дайжести
Жамият
−
01 Декабрь 2021
7434Жамият
Расман: ҳайдовчиларга қулоқчин орқали телефондан фойдаланишга рухсат берилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Транспорт ва молия соҳаларидаги айрим ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазолар либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунни имзолади.
Киритилган ўзгартиришларга кўра, ҳайдовчилар транспортни бошқаришда телефондан қулоқчинлар орқали ва қўлларини ишлатмасдан гаплашиш имконини берадиган ускуналар орқали фойдаланиши мумкин.
Ҳайдовчилар “права”сиз ҳаракатланиши мумкин бўлади. Қачондан?
Ўзбекистонда ҳайдовчиларга биометрлик паспорт ёки ID-картаси бўлса, ҳайдовчилик гувоҳномаси, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик ҳақидаги ва бошқа ҳужжатларни ўзи билан олиб юрмасликка рухсат берилади. Бу ҳақда “Транспорт ва молия соҳаларидаги айрим ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазолар либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунда белгиланган.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси қуйидаги таҳрирда тўртинчи қисм билан тўлдирилди:
“Агар Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ёки консуллик муассасалари томонидан берилган биометрик паспорт ёки идентификация ID -картаси бўлса, ҳайдовчидан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжат, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳужжатлари, шунингдек транспорт воситасига эгалик қилиш, унинг эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи, транспорт воситаси эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисини ўзи билан олиб юриш талаб этилмайди”.
Фуқаро Тошкент ҳокимлигига 250 минг долларли Mercedes совға қилди
Фуқаро Тошкент шаҳар ҳокимлигига бозор нархи 250 минг долларлик автомобиль совға қилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қарорида айтиб ўтилган.
“Тошкент шаҳар ҳокимлиги ишлар бошқармаси ва фуқаро Латипова Зиёда Баҳромовнага тегишли Mercedes Benz S500 Hybrid русумли, давлат рақами 01М798НВ бўлган қора рангли енгил автотранспорт воситасини Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ихтиёрий равишда беғараз (текинга) бериш ҳақидаги таклифи маъқуллансин”, дейилади ҳоким қарорида.
11 мамлакатдан Ўзбекистонга келганлар мажбурий карантинга олинади
Дунё бўйлаб коронавируснинг янги “омикрон” штамми кенг тарқалаётганини инобатга олиб, Ўзбекистонга айрим хориж давлатларидан кириб келган йўловчилар мажбурий карантинга олинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасига Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг йиғилишида мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаб қолиш ва юртимиз ҳудудига коронавирус инфекциясининг янги “омикрон” штамми кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида бир қатор янги тартиб ва чекловлар белгиланган.
Ўзбекистонда Янги йилни кўчага чиқмай, уйда нишонлаш тавсия қилинмоқда
Ўзбекистонда Янги йил байрамини оила даврасида, уйда нишонлаш тавсия этилмоқда. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳақда алоҳида баёнот билан чиқди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасига Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг йиғилишида мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаб қолиш ва мамлакат ҳудудига коронавирус инфекциясининг янги “омикрон” штамми кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида бир қатор янги тартиблар белгиланган.
Турин талабасининг ўлими тафсилотлари маълум қилинди
Аввалроқ Турин политехника университетининг 18 ёшли талабаси бир мушт туширилиши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.
“Tezkor xabarlar” информацион дастурининг маълум қилишича, ушбу ҳодиса юзасидан Ички ишлар органлари ходимлари тезкор суриштирув ишларини олиб борган.
Аниқланишича, жорий йилнинг 25 ноябрь куни соат 12:30 ларда Турин политехника униврситетининг ҳовлисида ўзаро келишмовчилиги бўлган С. ва М. қўл бериб кўришиб, ярашган вақтда улар билан бир курсда ўқийдиган С. ярашиб олганлигини сўраган. Бу орада эса жабрланувчи Ш.Р. келиб, С. исмли шахсга арашлашмаслигини айтган.
Ўзбекистонда қанча вояга етмаган қиз ҳомиладор бўлиб қолгани нега яшириляпти? Вазият шу қадар жиддийми?
Жорий йилнинг 29 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотини эшитишга бағишланган йиғилишида QALAMPIR.UZ Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхоновадан 2021 йил Ўзбекистонда қанча вояга етмаган қиз она бўлгани ҳақида сўради.
“Ўзбекистон эрта туғруқ бўйича 200 та мамлакат ичида 150-ўринларда туради. Лекин бу дегани бизда бу ҳолатлар бўлмайди, кузатилмайди дегани эмас. Эрта туғруқ ва эрта турмуш нафақат ССВда балки Сенатда ҳам алоҳида ўрганилади. Мен бу борада бир неча бор ахборот ҳам берганман. Ростини айтсам, ҳозир аниқ рақам эсимда йўқ”, деб жавоб берди Элмира Боситхонова.
Шу ўринда, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова Боситхонованинг жавобига қўшимча равишда ўзида тегишли статистикалар борлигини очиқлади. QALAMPIR.UZ статистика маълумотларини олиш мақсадида Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси билан боғланиб, қўмита раиси Малика Қодирхонова беришни айтган маълумотларни сўради. Қўмитадан телефон орқали жавоб берган шахс, бу масалада Малика Қодирхонова билан гаплашгани, аммо қўмитада эрта туғруқ ҳақидаги маълумотлар бўлса-да, бу статистикани бера олмаслигини маълум қилди.
Ғиёсов тенглик, Ризаев дахлсизлик дейди. Ўзи нима гап?
Бугун, 1 декабрь куни ижтимоий тармоқда Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсовнинг депутатлар дахлсизлиги йўл ҳаракати қоидасини бузиш учун сабаб бўла олмаслиги ҳақида айтган гаплари тарқалди. У видеода депутатлар ҳам оддий одам каби йул ҳаракати қоидаларига амал қилмаса, жавобгарликка тортилишини эслатиб қуйган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наврўз Ризаев Facebook саҳифасида Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовни депутатларга таҳдид қилишда айблади.
“ИИВ матбуоти бошлиғидан жавоб кутаман. Ким “ГАИ”ларга топшириқ бериш ваколатини берган, қайси қонун? Бу ходим ваколатидан чиқмаганми? Ғиёсовни вазирига шахсан талаб қўяман, бу таҳдид. Ким ҳақида гапиряпман, деб ўйлаяпсизми, масъул вазифадаги одам? “Погон”ни ҳаммаям кўтаролмайди...”, дея пост қолдирган Наврўз Ризаев ўзининг Facebook саҳифасида.
Олам
АҚШдаги мактабда ўқувчи отишма уюштирди
Кеча, 30 ноябрь куни АҚШнинг Мичиган штати, Оксфорд шаҳридаги мактабда содир бўлган отишмада уч киши ҳалок бўлди, саккиз киши жароҳатланди. Бу ҳақда полиция хабар берган.
Мактабдаги отишма сешанба куни тушдан кейин содир бўлган. Фавқулодда вазият ҳақида сигнал олганидан беш дақиқа ўтгач, ҳужумчи полиция томонидан қўлга олинган, у қуролни туширган ва таслим бўлган. Ўқ отган 15 ёшли мактаб ўқувчиси бўлиб чиққан, у ярим автоматик тўппонча билан қуролланган бўлган.
“Омикрон” нечта давлатга кириб боргани айтилди
Янги коронавируснинг “омикрон” штамми ҳозиргача 20 та давлатда аниқланган, жами 226 та инфекция ҳолати қайд этилган. Бу ҳақда АҚШ Миллий аллергик ва юқумли касалликлар институти директори Энтони Фаучи маълум қилди.
“Кечаги ҳолатга кўра, 18 мамлакатда 205 та тасдиқланган ҳолат қайд этилган. Бугун эрталаб бу рақамлар 20 та давлатда 226 та ҳолатга кўтарилди”, деган у кеча, 30 ноябрь куни.
Мьянманинг 76 ёшли собиқ раҳбари 100 йилга қамалиши мумкин
Жорий йилнинг 1 февралидаги ҳарбий тўнтаришдан сўнг ҳибсга олинган Мьянманинг собиқ раҳбари Аун Сан Су Чжи агар суд унга қўйилган барча айбларни тасдиқласа, жами 100 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
Қайд этилишича, кеча, 30 ноябрь куни Аун Сан Су Чжига коррупция айблови қўйилган ва унга нисбатан ҳукм ўқилиши кутилган, бироқ суд ҳеч қандай изоҳсиз 6 декабрга қолдирилган.
Таъкидланишича, 76 ёшли Аун Сан Су Чжига ҳозирда 10 та жиноий иш қўзғатилган. Хусусан, Мьянма Британия мустамлакаси бўлган йилларда қабул қилинган давлат сирларини ошкор этмаслик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун ҳам собиқ раҳбарга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Айбловларнинг асосий қисми коррупция ҳамда вертолёт сотиб олишда давлат маблағларини ўзлаштириш билан боғлиқ. Қолаверса, Аун Сан Су Чжи 600 минг доллар пора ва тилла тақинчоқларни олганликда ҳам айбланмоқда.
"Омикрон” глобал иқтисодиёт тикланишини шубҳага қўйди – Путин
Коронавируснинг “омикрон” штамми тарқалиши оқибатларининг жиддийлиги яқин ҳафталарда аниқ бўлади, аммо у аллақачон глобал иқтисодиётнинг тикланиш суръатларини шубҳа остига қўйди. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин “ВТБ капитала” форумида гапирган.
Шу муносабат билан у ҳукуматга ҳаракатлар режасини янгилаш бўйича топшириқ берган ва яна жаҳон ҳамжамиятини кучларни бирлаштиришга чақирган.
“Яқин ҳафталарда янги штаммнинг оқибатлари қанчалик жиддий эканлиги маълум бўлади. Бироқ, вируснинг ҳар қандай ўзгаришига тайёр бўлиш кераклиги аниқ. Ҳукуматдан бир ҳафта ичида коронавируснинг янги штаммининг тарқалиш хавфи билан боғлиқ янгиланган чора-тадбирлар режасини тайёрлашни сўрайман”, деган Путин.
Спорт
Чимаев UFC’да қайси мамлакат номидан иштирок этишини маълум қилди
Ярим ўрта вазн тоифасида енгилмас UFC жангчиси Ҳамзат Чимаев (10-0) қайси давлат вакили эканлиги ҳақида айтиб ўтди.
“Мен Россия вакилиман дейишим мумкин. Чунки ҳар бир чечен Россия паспорти билан юради. Россиядаги барча миллатлар бир хил паспортга эга. Мен дунё одамиман. Нима учун, “у чечен”, “у рус”, деб айтишимиз керак. Байроқ билан чиқмаслигимнинг сабаби бор. Байроқлар ўзгаради. Масалан, СССРда битта байроқ бор эди, энди Россияники умуман бошқача. Бироқ одамлар ўзгармайди. Мен барча яхши инсонлар томонидаман”, дейди Чимаев.
Левандовскига “Олтин тўп” топширилиши мумкин
“France Football” журнали бош муҳаррири Паскал Феррет нашр 2020 йилги “Олтин тўп” маросимини бекор қилиш ҳақидаги қарорни қайта кўриб чиқиши ва совринни “Бавария” ҳужумчиси Роберт Левандовскига топшириши мумкинлигини маълум қилди.
“Биз бу ҳақда ўйлашимиз мумкин, лекин шу билан бирга овоз беришга асосланган “Олтин тўп” тарихини ҳурмат қилишимиз керак. Ўтган йили Левандовски “Олтин тўп”ни қўлга киритганига ишончимиз комил эмас. Чунки овоз бериш бўлмаган. Аммо ўтган йили Левандовскида ажойиб имконият бўларди”, дейди Феррет.
“Ливерпуль” бразилиялик Жаҳон чемпиони билан шартнома имзолади
Англиянинг “Ливерпуль” жамоаси дарвозабонлар билан ишловчи бразилиялик Клаудио Таффарел билан шартнома имзолади. Бош мураббийи Юрген Клопп эса Таффарелни таклиф қилиш сабаблари ҳақида гапирди.
“Биз жамоада дарвозабонлар фалсафасини яратмоқчимиз, чунки футболда дарвозабон позициясига алоҳида аҳамият касб этади. Алисон билан ҳам суҳбатлашдик, мураббийлар штабимизни Таффарель билан кучайтириш орқали бунга ечим топдик. Ўйлаймизки, бу таклиф кўп нарсага янгича қарашга имкон беради”, дейди Клопп.
LiveБарчаси