Мьянманинг 76 ёшли собиқ раҳбари 100 йилга қамалиши мумкин
Олам
−
01 Декабрь 2021
10054Жорий йилнинг 1 февралидаги ҳарбий тўнтаришдан сўнг ҳибсга олинган Мьянманинг собиқ раҳбари Аун Сан Су Чжи агар суд унга қўйилган барча айбларни тасдиқласа, жами 100 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
Қайд этилишича, кеча, 30 ноябрь куни Аун Сан Су Чжига коррупция айблови қўйилган ва унга нисбатан ҳукм ўқилиши кутилган, бироқ суд ҳеч қандай изоҳсиз 6 декабрга қолдирилган.
Таъкидланишича, 76 ёшли Аун Сан Су Чжига ҳозирда 10 та жиноий иш қўзғатилган. Хусусан, Мьянма Британия мустамлакаси бўлган йилларда қабул қилинган давлат сирларини ошкор этмаслик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун ҳам собиқ раҳбарга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Айбловларнинг асосий қисми коррупция ҳамда вертолёт сотиб олишда давлат маблағларини ўзлаштириш билан боғлиқ. Қолаверса, Аун Сан Су Чжи 600 минг доллар пора ва тилла тақинчоқларни олганликда ҳам айбланмоқда.
Маълумот ўрнида, Аун Сан Су Чжи давлат маслаҳатчиси сифатида Мьянма фуқаролик ҳукуматини бошқарган. У мамлакатда жорий йилнинг 1 февралида содир бўлган ҳарбий тўнтариш оқибатида ҳибсга олинган. Шундан сўнг, ҳарбий қўмондонлик фавқулодда ҳолат эълон қилган ва фуқаролик ҳукуматини 2020 йил ноябрида бўлиб ўтган умумий парламент сайловлари натижаларини сохталаштиришда айблаб, ҳокимиятдан ағдарган.