11 мамлакатдан Ўзбекистонга келганлар мажбурий карантинга олинади
Жамият
−
01 Декабрь 2021
14003Дунё бўйлаб коронавируснинг янги “омикрон” штамми кенг тарқалаётганини инобатга олиб, Ўзбекистонга айрим хориж давлатларидан кириб келган йўловчилар мажбурий карантинга олинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасига Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг йиғилишида мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаб қолиш ва юртимиз ҳудудига коронавирус инфекциясининг янги “омикрон” штамми кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида бир қатор янги тартиб ва чекловлар белгиланган.
Жумладан, эндиликда хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчилар:
• мамлакатга ташриф буюришидан камида 72 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичга эга маълумотномага эга бўлишлари лозимлиги;
• коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичга эга маълумоти мавжуд бўлмаганда, аэропорт, темир йўл вокзаллари ва чегара ўтказиш пунктларида ташкил этилган коронавирус инфекциясига экспресс тест топширишлари шартлиги белгиланди.
Шунингдек:
Республика махсус комиссиясининг қарори билан Австралия, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Дания, Исроил, Италия, Нидерландия, Чехия ва Миср давлатлари ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келувчи йўловчилар юқоридаги талаблар бажарилгандан сўнг мамлакатимиз ҳудудига кириб келган кундан эътиборан ўн кун давомида мажбурий уй карантини ёки ўз ҳисобларидан меҳмонхонага карантинга жойлаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, “омикрон” штамми оммалашиши оқибатида 2021 йилнинг 3 декабридан 2022 йилнинг 10 январигача 10 та мамлакатдан Ўзбекистон ҳудудига кириш тақиқланди.
LiveБарчаси