"Омикрон” глобал иқтисодиёт тикланишини шубҳага қўйди – Путин
Олам
−
01 Декабрь 2021
6798Коронавируснинг “омикрон” штамми тарқалиши оқибатларининг жиддийлиги яқин ҳафталарда аниқ бўлади, аммо у аллақачон глобал иқтисодиётнинг тикланиш суръатларини шубҳа остига қўйди. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин “ВТБ капитала” форумида гапирган.
Шу муносабат билан у ҳукуматга ҳаракатлар режасини янгилаш бўйича топшириқ берган ва яна жаҳон ҳамжамиятини кучларни бирлаштиришга чақирган.
“Яқин ҳафталарда янги штаммнинг оқибатлари қанчалик жиддий эканлиги маълум бўлади. Бироқ, вируснинг ҳар қандай ўзгаришига тайёр бўлиш кераклиги аниқ. Ҳукуматдан бир ҳафта ичида коронавируснинг янги штаммининг тарқалиш хавфи билан боғлиқ янгиланган чора-тадбирлар режасини тайёрлашни сўрайман”, деган Путин.
Путинга кўра, инфекциянинг глобал, трансчегаравий хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, эпидемияга қарши самарали жавоб фақат биргаликда берилиши мумкин.
“Мен вакциналар ва эмлаш сертификатларининг ўзаро тан олиниши, сайёрамизнинг барча ҳудудлари учун эмлашлар мавжудлиги ва коронавирусга қарши янги дори воситалари устида биргаликда ишлашни назарда тутяпман”, деган Россия Президенти.
Аввалроқ, Американинг Johnson & Johnson (J&J) компанияси коронавируснинг “омикрон” штаммига қарши вакцина яратишни бошлагани ҳақида хабар бергандик.
Маълумот ўрнида, ноябрь ойининг охирида Жанубий Африка олимлари биринчи бўлиб “омикрон” штамми пайдо бўлгани ҳақида хабар берди. Штамм жуда кўп мутацияларга эга, бу эса уни янада юқумли ва вакцина иммунитетини четлаб ўтиш учун яхшироқ мослаштириши мумкин. “Омикрон”нинг тарқалиши туфайли Исроил чет эл фуқаролари учун чегараларини ёпган биринчи давлат бўлди.