“Толибон” қўлдан чиққан уч вилоятни қайта эгаллади

Олам

image

“Толибон” ҳаракати жангарилари Афғонистоннинг Боғлон вилоятидаги учта туманда қаршилик ҳаракати кучларини сиқиб чиқариб, назоратни қайтариб олди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

“Боғлондаги ҳеч бир ҳудуд қаршилик ҳаракати назоратида эмас”, деган шахси сир сақланишини хоҳлаган манба.

Бундан аввал Афғонистоннинг собиқ ҳукумати таркибида Мудофаа вазири бўлган Бисмилла хон Муҳаммадий Боғлон вилоятининг Пули-Ҳисор, Деҳ-Салоҳ ва Бану туманлари толиблардан қайтариб олингани ҳақида маълум қилганди.

Қайд этиш керакки, бугунги кунда Афғонистонда толибларга қарши ягона уюшган ҳаракат бу Панжшер вилоятидаги кучлар бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 август куни “Толибон” Афғонистон шарқидаги Панжшер вилоятини эгаллаш учун юзлаб жангчиларини юбораётганини эълон қилди. Бундан аввалроқ, толиблар ушбу вилоятга таслим бўлиши учун 4 соат вақт берган эди

Бироқ, Панжшердаги кучларга раҳбарлик қилаётган Аҳмад Масъуд ушбу вилоят вақтида СССРга қарши курашгани, эндиликда “Толибон”га ҳам қаршилик кўрсата олишини айтган. Шунингдек, Аҳмад Масъуд ўз жавобида толиблар билан нафақат Панжшер учун, балки бутун Афғонистон учун курашишини айтган.

Бугун эса "Толибон" жангарилари вилоятни қамал қилганини, аммр ҳудудни тинч йўл билан эгаллаш ниятида эканини маълум қилди.

Панжшер — “Толибон”га бўйсунмаган ягона вилоят

Ушбу вилоят Афғонистонинг шарқида жойлашган бўлиб, у ерда тахминан 150 минг аҳоли яшайди. Қайд этиш керакки, вилоятнинг 98 фоиз аҳолиси этник тожиклардан ташкил топган. Панжшерда “Толибон”га қарши кучлар тўпланаётгани ҳам айтилмоқда ва ҳозирда ушбу провинция толибларга қаршилик кўрсатиш маркази бўлиши тахмин қилиняпти.

Бу ерда Афғонистоннинг бир қатор нуфузли сиёсий фигуралари жамланган: мамлакатнинг 1992-1996 йиллардаги Мудофаа вазири, машҳур “дала қўмондони” Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд, биринчи вице-президент Амруллоҳ Солиҳ, Маршал Aбдул-Рашид Дўстум ҳамда унинг ўғли Ёрмуҳаммад Дўстум. Панжшерда аллақачон "Шимолий альянс" байроғи кўтарилган.

"Толибон" позицияларига қарши ҳужумга ўтган қаршилик кучлари бир қанча туманларни эгаллашга ҳам муваффақ бўлди.

20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ

2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади. 

Афғонистондаги давлат тўнтариши

Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон

Баҳолаганлар

198

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг