Бўйсунмас Панжшер толибларнинг кескин талабига жавоб қайтарди
Олам
−
22 Август 2021
56507Тоғли Панжшер вилояти “Толибон”га таслим бўлмайди, унинг аҳолиси қарши курашишга тайёр. Бу ҳақда толибларга қаршилик кўрсатиш лидери Аҳмад Масъуд маълум қилди. У 2001 йилда вафот этган “Толибон”га қарши “Шимолий иттифоқ” раҳбари Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли ҳисобланади.
“Панжшер толибларга таслим бўлмайди. Агар улар Панжшер устидан назорат ўрнатмоқчи бўлса, биз курашишга тайёрмиз. СССРга қаршилик кўрсатганмиз, толибларга ҳам қаришилик қила оламиз”, дейди Масъуд “Al-Arabiya” телеканалига берган интервьюсида.
Унинг қўшимча қилишича, “Толибон” расмийлари Панжшер билан музокара олиб боришни рад этган.
“Толибон” урушни тугатишга қаратилган мулоқотга киришдан бош тортди. Биз Афғонистондаги урушни тугатмоқчимиз ва мулоқотга интилмоқдамиз. “Толибон” агар шундай йўл тутишда давом этса, узоққа бормайди. Биз нафақат Панжшер учун, балки бутун Афғонистон учун ҳам уришишга тайёрмиз”, дейди Масъуд.
Жорий йилнинг 19 август куни инглиз нашрлари АҚШ ва Британия ҳарбийлари томонидан яхши ўқитилган жангчилар ва минглаб қуролланган қўшин ҳамда генерал Абдул-Рашид Дўстум отрядлари Панжшер томон ёрдамчи куч сифатида йўналганини ёзганди. Бундан ташқари, Панжшерга Афғонистоннинг биринчи вице-президенти Амруллоҳ Солиҳ ҳамда Маршал Дўстумнинг ўғли ҳам келган.
Эслатиб ўтамиз, “Толибон” бугун, 22 август куни Афғонистоннинг Панжшер вилоятидаги қаршилик кучларига ҳудудни ҳаракат назоратига топшириш учун тўрт соат вақт берганини айтиб, огоҳлантирганди. Аввалроқ толиблар ҳам Панжшер билан музокарага киришмоқчи бўлганди. Бунда Россиянинг Афғонистондаги элчиси Дмитрий Жирнов ОАВга “Толибон” қон тўкишни истамаслиги, аксинча Аҳмад Масъуд билан келишиб олмоқчилигини маълум қилганди. Музокаралар ўз натижасини бермаган кўринади.
Панжшер — “Толибон”га бўйсунмаган ягона вилоят
Ушбу вилоят Афғонистонинг шарқида жойлашган бўлиб, у ерда тахминан 150 минг аҳоли яшайди. Қайд этиш керакки, вилоятнинг 98 фоиз аҳолиси этник тожиклардан ташкил топган. Панжшерда “Толибон”га қарши кучлар тўпланаётгани ҳам айтилмоқда ва ҳозирда ушбу провинция толибларга қаршилик кўрсатиш маркази бўлиши тахмин қилиняпти.
Бу ерда Афғонистоннинг бир қатор нуфузли сиёсий фигуралари жамланган: мамлакатнинг 1992-1996 йиллардаги Мудофаа вазири, машҳур “дала қўмондони” Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд, биринчи вице-президент Амруллоҳ Солиҳ, Маршал Aбдул-Рашид Дўстум ҳамда унинг ўғли Ёрмуҳаммад Дўстум.
20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ
2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди.
Афғонистондаги давлат тўнтариши
Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь