“Толибон” бўйсунмаётган Панжшер раҳбариятига мурожаат йўллади

Олам

image

“Толибон” ҳаракати Москвадан Панжшер вилояти билан сиёсий мулоқот ўрнатишга кўмаклашишни сўради. Бу ҳақда Россиянинг Қобулдаги элчиси Дмитрий Жирнов маълум қилди.

Дипломатнинг айтишича, бугунги кунда Афғонистонда толиблар назоратида бўлмаган битта нуқта — Панжшер вилояти қолган.

“Бугун элчихонага “Толибон” сиёсий идорасининг юқори мартабали вакили ташриф буюрди. У Россиянинг Афғонистонда нуфузи баланд эканини инобатга олган ҳолда, биздан панжшерликларга сиёсий сигнал етказишимизни сўради”, дейди Жирнов.

Элчининг таъкидлашича, Президент Ашраф Ғани қочиб кетганидан сўнг, ўзини давлат раҳбари, деб эълон қилган биринчи вице-президент Амруллоҳ Солиҳ ушбу вилоятда бўлиб турибди. Шунингдек, собиқ мужоҳидлар дала қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли ҳам ўша ерда. У аввалроқ Ғарб давлатларидан “Толибон”га қарши кучларга қурол билан ёрдам беришни сўраган. Элчининг сўзларига кўра, панжшерликлар афғон халқидан партизан гуруҳларини шакллантирмоқчи. 

“Тўғриси, улар (толиблар — таҳр.) Россиядан Панжшер раҳбарларига қуйидагиларни етказишни сўради: “Шу пайтгача толиблар Панжшерга куч билан киришга бир марта ҳам уринишмаган. Гуруҳ тинч йўл билан масалага ечим топишга умид қилмоқда. Масалан, сиёсий келишув орқали ҳал қилиш. “Толибон” қон тўкишни хоҳламайди ва мулоқот кайфиятида. Толибларнинг ўзи вазиятни собиқ биринчи вице-президент Солиҳдан кўра, маданиятлироқ тарзда ҳал қилмоқчи”, дея таъкидлади Жирнов.

Панжшер — “Толибон”га бўйсунмаган ягона вилоят

Ушбу вилоят Афғонистонинг шарқида жойлашган бўлиб, у ерда тахминан 150 минг аҳоли яшайди. Қайд этиш керакки, вилоятнинг 98 фоиз аҳолиси этник тожиклардан ташкил топган. Панжшерда “Толибон”га қарши кучлар тўпланаётгани ҳам айтилмоқда ва ҳозирда ушбу провинция толибларга қаршилик кўрсатиш маркази бўлиши тахмин қилиняпти. 

Бу ерда Афғонистоннинг бир қатор нуфузли сиёсий фигуралари жамланган: мамлакатнинг 1992-1996 йиллардаги Мудофаа вазири, машҳур “дала қўмондони” Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд, биринчи вице-президент Амруллоҳ Солиҳ, Маршал Aбдул-Рашид Дўстум ҳамда унинг ўғли Ёрмуҳаммад Дўстум

20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ

2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. 

Афғонистондаги давлат тўнтариши

Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1320

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг