“Толибон” бўйсунмас Панжшерни қамал қилди
Олам
−
23 Август 2021
30184“Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг Панжшер вилоятида жойлашган қаршилик кучларини қамал қилди. Бу ҳақда ҳаракат вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Twitter саҳифасида маълум қилди.
“Толибон” кучлари Панжшерни Бадахшон, Тахор ва Андараб вилоятлари томонида ўраб олди. Душман (қаршилик кучлари — таҳр.) қамалда. Биз муаммони музокара йўли билан ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз”, дея ёзди ҳаракат вакили.
Шунингдек, Мужоҳид “Толибон” Баглан вилоятида аввал қаршилик кучлари босиб олган ҳудудни эгаллашга муваффақ бўлганини қайд этган.
Ўз навбатида, Панжшердаги толибларнинг мухолифлари ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари орқали қаршилик кўрсатиш ва радикалларга қарши курашишга тайёрлигини билдирмоқда. Хабарларга кўра, Панжшердаги қаршилик кучлари таркибида бир неча минггача жангчилар, жумладан, ҳукумат қўшинларининг баъзи мунтазам бўлинмалари бор.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 август куни “Толибон” Афғонистон шарқидаги Панжшер вилоятини эгаллаш учун юзлаб жангчиларини юбораётганини эълон қилди. Бундан аввалроқ, толиблар ушбу вилоятга таслим бўлиши учун 4 соат вақт берган эди.
Бироқ, Панжшердаги кучларга раҳбарлик қилаётган Аҳмад Масъуд ушбу вилоят вақтида СССРга қарши курашгани, эндиликда “Толибон”га ҳам қаршилик кўрсата олишини айтган. Шунингдек, Аҳмад Масъуд ўз жавобида толиблар билан нафақат Панжшер учун, балки бутун Афғонистон учун курашишини айтган.
Панжшер — “Толибон”га бўйсунмаган ягона вилоят
Ушбу вилоят Афғонистонинг шарқида жойлашган бўлиб, у ерда тахминан 150 минг аҳоли яшайди. Қайд этиш керакки, вилоятнинг 98 фоиз аҳолиси этник тожиклардан ташкил топган. Панжшерда “Толибон”га қарши кучлар тўпланаётгани ҳам айтилмоқда ва ҳозирда ушбу провинция толибларга қаршилик кўрсатиш маркази бўлиши тахмин қилиняпти.
Бу ерда Афғонистоннинг бир қатор нуфузли сиёсий фигуралари жамланган: мамлакатнинг 1992-1996 йиллардаги Мудофаа вазири, машҳур “дала қўмондони” Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд, биринчи вице-президент Амруллоҳ Солиҳ, Маршал Aбдул-Рашид Дўстум ҳамда унинг ўғли Ёрмуҳаммад Дўстум. Панжшерда аллақачон "Шимолий альянс" байроғи кўтарилган.
"Толибон" позицияларига қарши ҳужумга ўтган қаршилик кучлари бир қанча туманларни эгаллашга ҳам муваффақ бўлди.
20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ
2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади.
Афғонистондаги давлат тўнтариши
Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь