“Толибон” талабини рад қилган Панжшерга юзлаб жангариларини юборди

Олам

image

“Толибон” Афғонистон шимолидаги толиблар ҳокимиятини тан олмаётган Панжшер вилоятини эгаллаш учун юзлаб жангчиларини юборганини эълон қилди. Бу ҳақда кеча, 22 август куни ТАСС “Aфғонистон Ислом Aмирлиги”нинг (ҳаракат ўзини шундай номлайди) Twitter саҳифасида эълон қилинган хабарга таяниб, хабар берди.

“Ислом амирлиги”нинг юзлаб жангчилари Панжшер устидан назорат ўрнатиш учун вилоят томон йўл олмоқда. Чунки маҳаллий ҳокимият бу ҳудудни тинч йўл билан топширишдан бош тортди", дейилган хабарда.

Аввалроқ, “Толибон” Панжшер раҳбари Аҳмад Масъуддан тўрт соатда вилоятни топширишни талаб қилгани хабар қилинганди. Бироқ, Панжшердаги қаршилик ҳаракати бу талабга рад жавобини берди. Бу орада ОАВда ҳаракат ва Панжшердаги қаршилик ҳаракати ўртасида музокара бошлангани ҳақида хабар тарқалди.

Панжшер — “Толибон”га бўйсунмаган ягона вилоят

Ушбу вилоят Афғонистонинг шарқида жойлашган бўлиб, у ерда тахминан 150 минг аҳоли яшайди. Қайд этиш керакки, вилоятнинг 98 фоиз аҳолиси этник тожиклардан ташкил топган. Панжшерда “Толибон”га қарши кучлар тўпланаётгани ҳам айтилмоқда ва ҳозирда ушбу провинция толибларга қаршилик кўрсатиш маркази бўлиши тахмин қилиняпти.

Бу ерда Афғонистоннинг бир қатор нуфузли сиёсий фигуралари жамланган: мамлакатнинг 1992-1996 йиллардаги Мудофаа вазири, машҳур “дала қўмондони” Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд, биринчи вице-президент Амруллоҳ Солиҳ, Маршал Aбдул-Рашид Дўстум ҳамда унинг ўғли Ёрмуҳаммад Дўстум. Панжшерда аллақачон "Шимолий альянс" байроғи кўтарилган.

"Толибон" позицияларига қарши ҳужумга ўтган қаршилик кучлари бир қанча туманларни эгаллашга ҳам муваффақ бўлди.

20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ

2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди.

Афғонистондаги давлат тўнтариши

Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон

Баҳолаганлар

288

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг