Бўйсунмас Панжшер ва “Толибон” ўртасида музокара бошланди — ОАВ
Олам
−
22 Август 2021
20726Афғонистоннинг Панжшер вилоятида “Толибон”га қарши кучларга раҳбарлик қилаётган Аҳмад Масъуд толиблар билан инклюзив ҳукумат тузиш борасида музокараларни бошлади. Бу ҳақда ТАСС ёзмоқда.
“Айни пайтда Аҳмад Масъуд ва “Толибон” ўртасида музокаралар давом этмоқда. Инклюзив ҳукумат тузиш ва сиёсий қарама-қаршиликларни бартараф этиш ҳақида сўз бормоқда. Музокаралар натижалари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ”, дейди нашр манбаси.
Бундан ташқари, у оммавий ахборот воситаларида аввалроқ тарқатилган гуёки Аҳмад Масъуд толибларга садоқат тўғрисида қасамёд қилгани ҳақидаги маълумотни рад этди.
“Бу миш-мишлар ва очиқдан-очиқ ёлғондир. Аҳмад Масъуд ҳеч қачон “Толибон”га қасамёд келтирмаган ва қилмайди”, дейди манба.
Эслатиб ўтамиз, “Толибон” ҳаракати Москвадан Панжшер вилояти билан сиёсий мулоқот ўрнатишга кўмаклашишни сўраган. ОАВга кўра, кеча, 21 август куни “Толибон” ҳаракати сиёсий қаноти раҳбари Абдул Ғани Бародар ҳукумат тузиш масаласини муҳокама қилиш учун Афғонистон пойтахти Қобулга етиб келган.
Панжшер — “Толибон”га бўйсунмаган ягона вилоят
Ушбу вилоят Афғонистонинг шарқида жойлашган бўлиб, у ерда тахминан 150 минг аҳоли яшайди. Қайд этиш керакки, вилоятнинг 98 фоиз аҳолиси этник тожиклардан ташкил топган. Панжшерда “Толибон”га қарши кучлар тўпланаётгани ҳам айтилмоқда ва ҳозирда ушбу провинция толибларга қаршилик кўрсатиш маркази бўлиши тахмин қилиняпти.
Бу ерда Афғонистоннинг бир қатор нуфузли сиёсий фигуралари жамланган: мамлакатнинг 1992-1996 йиллардаги Мудофаа вазири, машҳур “дала қўмондони” Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд, биринчи вице-президент Амруллоҳ Солиҳ, Маршал Aбдул-Рашид Дўстум ҳамда унинг ўғли Ёрмуҳаммад Дўстум.
20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ
2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди.
Афғонистондаги давлат тўнтариши
Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси