Яқинлашаётган “оmicron”, қочоқ Порошенко, ўғлини ўлдирган ваҳший ота – янгиликлар дайжести

Таҳлил

image
Якунига етаётган 18 декабрда  Ўзбекистон ва халқаро майдонда қатор муҳим воқеалар юз бергани билан ёдда қолмоқда. QALAMPIR.UZ дайжестида куннинг энг муҳим, энг сара воқеа-ҳодисалари қисқача тафсилоти билан танишинг.

Жамият 

Монополияларнинг мутлақ ҳуқуқлари босқичма-босқич бекор қилинади

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Президентнинг “Рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти йўналишларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасини ишлаб чиқиб, муҳокамага қўйди.

Ҳужжат билан 2022 йил 1 июлдан бошлаб:

•    аэропортлар, йўл қурилиш, электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, иссиқлик таъминоти, нефть маҳсулотларини сотиш ва бошқа соҳалардаги корхоналарнинг давлат улушларини босқичма-босқич хусусий секторга сотилиши;
•    рангли металларнинг парчалари ва чиқиндиларини сотиб олиш, қайта ишлаш, сотиш ва тайёрлаш фаолияти билан хусусий сектор шуғулланиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.

Тошкентда танишининг номақбул фото ва видеоларини тарқатмаслик учун пул талаб қилган йигит ушланди

Жорий йилнинг 14 декабрь куни Тошкентда фуқаронинг шаънига путур етказадиган фото ва видеоларни ижтимоий тармоққа тарқатмаслик учун ундан пул талаб қилган йигит ушланди.

Тергов департаменти маълумотига кўра, 14 декабрь куни Наманган вилоятида яшовчи 27 ёшли А.И. Яккасарой туман ИИО ФМБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. Унда 2021 йил 11 декабрь куни 21 ёшли Ж.З. уни шаънига путур етказадиган фото ва видео тасвирларни Instagram’га жойлаштирмаслик эвазига 5 000 000 сўм миқдорида пул талаб қилаётганини ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Чилонзор ҳокимлиги маошини ололмаган ТОБ ходимлари иши бўйича маълумот берди

Аввалроқ Чилонзор туманида Ободонлаштириш бошқармаси (ТОБ) ходимларига маош тўлаш кечиктирилаётганлиги сабабли улар ҳокимлик олдига йиғилгани ҳақида хабар берган эдик.

ТОБ ходимларининг норозилиги юзасидан туман ҳокими Шавкат Мавлонов ходимлар билан юзма-юз мулоқот ўтказган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқот жараёнида ишчи ходимларнинг декабрь ойи аванс маошлари кечиктирилаётганлиги маълум бўлган.

Туман молия бўлими томонидан билдирилган изоҳга кўра, Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлигининг 04.01.2021 йилдаги 1-сон ва Тошкент шаҳар Молия бош бошқармасининг 06.02.2021 йилдаги 41-сонли буйруқларига кўра, маҳаллий бюджетдан молиялаштириладиган 1-даражали маош ойлик тўловлари ҳар ойнинг 20-санасига қадар тўлиқ молиялаштирилиши мумкинлиги асос қилинган.

Самарқандда бир ёшга ҳам тўлмаган ўғлини ўлдирган ота узоқ муддатга қамалди

Самарқандда шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи билан жанжал сабаб бир ёшга ҳам тўлмаган фарзандини ўлдирган ота узоқ муддатга қамалди. Бу ҳақда “Янги Давр” информацион дастурида маълум қилинди.

Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳрида эркак ва унинг шаръий никоҳидаги хотини ижарада яшашган.

Қотиллик бўлган куни аёл ва судланувчи эркак ўртасида жанжал келиб чиққан. Аёл эрининг айтганини қилмагани учун судланувчи унинг қўлидаги 1 ёшга тўлмаган болани олиб, унинг боши билан ерга бир неча марта урган.

Олам

Россия нега Беларусни қўллаб-қувватлайди? Песков жавоб берди 

Агар Беларусь Россия томонидан қўллаб-қувватланмаса, у ерда вазият Украинадагидан ҳам ёмонроқ бўлар эди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков таъкидлади.  

“У (Александр Лукашенко, Беларусь Президенти — таҳр.) ҳозир улкан халқаро босим остида эканлигини унутманг. Беларусь эса, ҳақиқатан ҳам, жуда ва жуда тажовузкор хатти-ҳаракатлар қурбонига айланиб бормоқда. Бизнинг борлигимиз беларуслар учун омад. Ишончим комилки, беларуслар биз билан яқин эканлигидан бахтиёр ва бизнинг яқин эканлигимиз уларга нисбатан бу тажовузкор муносабатга қарши туришга ёрдам беради”, деган Песков. 

Терговга чақирилган Порошенко Украинадан “қуён бўлди”

Украинанинг собиқ Президенти Пётр Порошенко, Давлат тергов бюроси (ДТБ) ўзини мустақил деб эълон қилган Днепр ва Луганск халқ республикалари ҳудудидан кўмир етказиб бериш иши бўйича сўроққа чақирув қоғозини топширишга ҳаракат қилганда мамлакатни тарк этди. Порошенко кеча, 17 декабрь куни мамлакатни тарк этганини у раҳбарлик қилаётган “Европа бирдамлиги” партияси матбуот хизмати тасдиқлади.

ДТБга кўра, Порошенко Олий Рада биноси ёнида унга чақирув қоғозини топширишга уринишларига эътибор бермай, “номаълум томонга кетган”.

Ушбу иш Украина Жиноят кодексининг 258-3-моддасининг 1-қисми ("террористик ташкилот тузиш"), 258-5-моддасининг 1 ва 3-қисми ("Терроризмни молиялаштириш) ва 111-моддасининг 1-қисми (Давлатга хиёнат) бўйича кўриб чиқиляпти.

Расман: Россия Очиқ осмон шартномасидан чиқди 

Россия бугун, 18 декабрь куни Очиқ осмон шартномасидаги иштирокини расман тўхтатди ва шу тариқа ушбу шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажаришни бекор қилди. Бу қарор Россия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган.  

Бир неча ой олдин Россия шартномада иштирок этувчи қолган давлатларни бу ҳақда огоҳлантирган эди. 

“Ушбу қадам шартнома асосида тузилган, бизнинг мамлакатимиз ва Беларусни ўз ичига олган аъзо давлатлар гуруҳидан бир вақтнинг ўзида чиқишни назарда тутади”, дейилади ТИВ баёнотида. 

Вазирликнинг таъкидлашича, Россия “АҚШ, унинг иттифоқчилари ва мижозлари томонидан Очиқ осмон шартномаси қоидалари кўплаб бузилишига қарамай” келишувни сақлаб қолиш учун ҳамма нарсани қилди. 

Москвада ўзбекистонлик стоматолог ўлдирилди 

Москвада норози мижоз томонидан пичоқланган ўзбекистонлик стоматолог вафот этди. Бу ҳақда прокуратура хабарида маълум қилинган.  

“41 ёшли жабрланувчи шифохонада вафот этди”, дейилади прокуратура хабарида. 

Воқеа жорий йилнинг 13 декабрь куни Южний Медведководаги хусусий клиникада содир бўлган. Эркак шифокор, 41 ёшли Жамол Одиловнинг тиш даволаш усулини ёқтирмаган, натижада у пичоқ чиқариб, тиш шифокорининг ошқозонига тиққан. Шифокор яраланиб, шифохонага ётқизилган. 

Тихановская ва унинг сафдошлари Буюк Карл мукофоти совриндори бўлди

Беларусь президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская ва унинг сафдошлари Мария Колесникова ҳамда Вероника Цепкало 2022 йилги нуфузли Буюк Карл халқаро мукофоти лауреатлари бўлишди. Бу ҳақда халқаро мукофотнинг директорлар кенгаши маълум қилди.  

Баёнотга кўра, Тихановская, Колесникова ва Цепкало “авторитар режим томонидан асосий инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши курашганликлари, шунингдек демократия, эркинлик ва қонун устуворлиги йўлида кураш учун” тақдирланади. Шу билан бирга, тақдирлаш маросими 2022 йил 26 май куни Ахен шаҳар мэриясининг Тож кийиш залида бўлиб ўтиши кўрсатилган. 

“Omicron” тобора яқинлашмоқда

Бугун, 18 декабр куни Украинада коронавируснинг янги штамми “omicron” билан зарарланган биринчи бемор аниқланди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Виктор Ляшко хабар берган. 

Қайд этилишича, мамлакат бўйлаб янги штаммнинг юқиш ва тарқалиш занжири ўрганилмоқда. Шифокорлар томонидан бемор билан мулоқотда бўлган шахслар назоратга олинган.

Спорт

Талахадзе ўзига тегишли рекордларни янгилади. Оғир атлетика бўйича ЖЧ якунланди 

Кеча, 17 декабрь куни Тошкентда давом этаётган оғир атлетика бўйича катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг энг сўнгги иштирокчилари (+109 кг) супачага чиқди ва унда кутилган вазият юз берди.

2 карра Олимпиада ва 5 карра Жаҳон чемпиони грузиялик Лаша Талахадзе барча рақибларини ортда қолдириб, 5-марта ЖЧ ғолиблигини қўлга киритиш билан бир қаторда ўзига тегишли бўлган дунё рекордларини ҳам янгилади.

Даст кўтариш машқида Лаша 225 кг аввалги рекрод (223 кг) тошни ўзига бўйсундирган бўлса, силтаб кўтариш баҳсларида 267 кг (265) натижа қайд этиб, иккикурашда ҳам жаҳон рекордини янгилаб қўйди.

Одил Аҳмедов ўзи ҳақида китоб ёзди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ сардори ва ҳозирда Хитойнинг “Санчжоу” клуби футболчиси Одил Аҳмедов китоб ёзди. Унда футболчининг фаолияти акс этган ва “Орзунинг шонли йўли” деб номланган.

Бугун, 18 декабрь куни ўзбек футболининг ёрқин намоёндаси Одил Аҳмедов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ижодий кеча ташкил этилади. Кечада “Орзунинг шонли йўли” номли китобнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтади.

Муроджон Аҳмадалиев бўйдоқлик билан хайрлашди

Бугун, 18 декабрь куни профессионал бокснинг супер енгил вазн тоифасида IBF ва WBA чемпионлик камарлари соҳиби Муроджон Аҳмадалиев уйланди. 27 ёшли боксчининг тўйи Тошкент шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Баҳодир Жалолов Instagram саҳифасида маълум қилди.

“Бахтли бўл, дўстим. Байроқни берарсан энди?!” дея ёзиб қолдирган Жалолов.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

127

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг