Тихановская ва унинг сафдошлари Буюк Карл мукофоти совриндори бўлди
Олам
−
18 Декабрь 2021
3805Беларусь президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская ва унинг сафдошлари Мария Колесникова ҳамда Вероника Цепкало 2022 йилги нуфузли Буюк Карл халқаро мукофоти лауреатлари бўлишди. Бу ҳақда халқаро мукофотнинг директорлар кенгаши маълум қилди.
Баёнотга кўра, Тихановская, Колесникова ва Цепкало “авторитар режим томонидан асосий инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши курашганликлари, шунингдек демократия, эркинлик ва қонун устуворлиги йўлида кураш учун” тақдирланади. Шу билан бирга, тақдирлаш маросими 2022 йил 26 май куни Ахен шаҳар мэриясининг Тож кийиш залида бўлиб ўтиши кўрсатилган.
Маълумот ўрнида, 2020 йил 9 август куни Беларусда президентлик сайлови бўлиб ўтди, унда амалдаги давлат раҳбари Александр Лукашенко ғалаба қозонди. Иккинчи ўринни мухолифат вакили Светлана Тихановская эгаллади, шундан сўнг у мамлакатни тарк этди. Овоз бериш натижалари якунлангач, республикада оммавий норозилик намойишлари бошланди, бу биринчи кунларда хавфсизлик ходимлари билан тўқнашувларга сабаб бўлди.
Буюк Карл халқаро мукофоти Европани бирлаштиришга қўшган ҳиссаси учун бериладиган нуфузли мукофот ҳисобланади. Мукофот 1950 йилдан бери ҳар йили топширилади. У Франклар империясининг асосчиси Буюк Карл шарафига номланган.
Анъанага кўра, тақдирлаш маросими Германия ғарбидаги Ахен шаҳрида бўлиб ўтади. Мукофот лауреатлари мукофот таъсис этилган ғояларни амалга оширишга катта ҳисса қўшган жисмоний ва юридик шахслардир. Лауреатлар махсус диплом, медаль ва 5 минг евро миқдоридаги рамзий мукофот билан тақдирланади.
LiveБарчаси