Тихановская НАТО саммитида иштирок этади
Олам
−
11 Июль 2023
5003Беларусь демократик кучлари етакчиси Светлана Тихановская 11-12 июль кунлари Вильнюсда бўлиб ўтадиган НАТО саммитининг расмий дастурида иштирок этади. Бу ҳақда “Белсат” хабар берди.
Маълум қилинишича, Тихановская НАТО мамлакатлари мудофаа ва ташқи ишлар вазирлари аёллари билан биргаликдаги нонуштада иштирок этади. Олий даражадаги учрашув саммитнинг расмий дастурига киради ва эртага, 12 июль куни эрталаб бўлиб ўтади.
Бундан ташқари, Тихановская кеча, 10 июль куни НАТО саммитига келган АҚШ сенаторлари делегациясини қабул қилган. Демократик кучлар етакчиси АҚШ Сенатидаги Беларусни қўллаб-қувватлаш гуруҳи раиси Жин Шаҳин, шунингдек, Ричард Дурбин, Том Тиллис, Пит Рикеттс, Дэн Салливан ва Ангус Кинг билан учрашган.
Томонлар халқаро ҳамжамият томонидан сиёсий маҳбусларни озод қилиш ва Беларусь мустақиллигини ҳимоя қилиш учун қатъий чоралар кўриш зарурлигини муҳокама қилган.
Маълумот учун, 2020 йил 9 август куни Беларусда бўлиб ўтган, Лукашенко олтинчи бор ғалаба қозонган президентлик сайловларидан сўнг мамлакатда мухолифатнинг оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Мухолифат Тихановскаяни президентлик сайловларида ғолиб деб ҳисоблаган. Бироқ унга қарши қатор жиноий ишлар очилган ва у террорчилик фаолиятига алоқадор шахслар рўйхатига киритилган.
Жорий йилнинг март ойида эса Минск шаҳар суди Светлана Тихановскаяни сиртдан 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган. Тергов унга бир вақтнинг ўзида ўнта айблов қўйди: унвон ва ҳокимиятни рухсатсиз тортиб олиш, миллий хавфсизликка қарши ҳаракатларда хорижий давлатга ёрдам бериш, ҳокимиятни эгаллаб олиш учун фитна уюштириш, нафрат уйғотиш, экстремистик тузилма яратиш, МСК ишига тўсқинлик қилиш ва бошқалар.
Эслатиб ўтамиз, бугундан Вильнюсда НАТО саммити бошланди ва бу 12 июлда ҳам давом этади. Ундаги асосий мавзу Украина ва Швецияни НАТО альянсига қўшиш бўлади.