Расман: Россия Очиқ осмон шартномасидан чиқди
Олам
−
18 Декабрь 2021
23488Россия бугун, 18 декабрь куни Очиқ осмон шартномасидаги иштирокини расман тўхтатди ва шу тариқа ушбу шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажаришни бекор қилди. Бу қарор Россия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган.
Бир неча ой олдин Россия шартномада иштирок этувчи қолган давлатларни бу ҳақда огоҳлантирган эди.
“Ушбу қадам шартнома асосида тузилган, бизнинг мамлакатимиз ва Беларусни ўз ичига олган аъзо давлатлар гуруҳидан бир вақтнинг ўзида чиқишни назарда тутади”, дейилади ТИВ баёнотида.
Вазирликнинг таъкидлашича, Россия “АҚШ, унинг иттифоқчилари ва мижозлари томонидан Очиқ осмон шартномаси қоидалари кўплаб бузилишига қарамай” келишувни сақлаб қолиш учун ҳамма нарсани қилди.
Очиқ осмон тўғрисидаги шартнома 1992 йил март ойида ЕХҲТга аъзо давлатлар томонидан имзоланган. Шартномани имзолаган давлатлар бошқа томонларга ўз ҳудуди бўйлаб фото ва видео тасвирга олишдан фойдаланган ҳолда кузатув парвозларини амалга оширишга рухсат бериши шарт. Ўтган йили АҚШ расмийлари Россияни келишувни бузганликда айблаб, ундан чиқиш ниятини эълон қилган эди. 2020 йил ноябрь ойидан чиқиш тўғрисидаги қарор кучга кирди. Америка томони Чеченистон устидан парвозларни чеклаш, шунингдек Калининград вилоятида парвозларни чеклашдан норози эди. Москва бу айбловларни рад этиб, Вашингтонга қарши даъволарни, жумладан Гавайи ороллари устидан парвозларни илгари сурди.
Жорий йилнинг май ойида Президент Владимир Путин Давлат Думасига шартномани денонсация қилиш лойиҳасини тақдим этган эди. Ҳужжат парламентнинг қуйи палатаси ва Федерация Кенгашида маъқулланганидан кейин у шартномани расман денонсация қилди.