“Террорчилар вазиятдан фойдаланди”. Қозоғистон ТИВ намойишчилар билан қандай йўл тутилишини очиқлади
Олам
−
10 Январь 2022
11676Қозоғистон январ ойида мамлакатда юзага келган вазият сабаблари ҳақида жаҳон ҳамжамиятига маълумот беради. Бу ҳақда бугун, 10 январь куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Республика ТИВнинг таъкидлашича, Манғистау вилоятидаги тинч аҳоли суюлтирилган газнинг юқори нархларига қарши намойиш ўтказгач, “террористик, экстремистик ва жиноий гуруҳлар” вазиятдан фойдаланиб, мамлакатда зўравонликни кучайтирган.
“Алоҳида таъкидлаймиз, тинч намойишчилар ҳеч қандай таъқибга учрамайди. Ҳуқуқ-тартибот идораларига ушбу ҳолат сабабларини кенг кўламли текшириш бўйича топшириқ берилди, унинг натижалари халқаро ҳамжамиятга етказилади”, дея ТИВ расмийларининг сўзларидан иқтибос келтирган манба.
Қозоғистон ТИВ, шунингдек, дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум қилганлар орасида радикал исломий гуруҳлар томонидаги қайноқ нуқталарда жангларда қатнашган шахслар ҳам борлигини маълум қилди. Департаментнинг қайд этишича, республика ҳуқуқ-тартибот идоралари ва қуролли кучлари “тинч намойишчилар”га эмас, айнан террорчиларга қаршилик кўрсатади.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
5 январь куни, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси