Деновдаги даҳшат, Ҳиндистонни эгаллаётган Калашников, Андижонда қўлга тушган хавфли рецидивист... QALAMPIR.UZ дайжести

Таҳлил 9963
image
Бугун Ўзбекистон ва халқаро майдонда қандай муҳим воқеликлар содир бўлди? 7 декабрь тарих зарварақларида муҳр қолдира олдими? Бугуннинг муҳим воқеа-ҳодиса ва янгиликларнинг қисқача тафсилоти билан қуйида танишишингиз мумкин.

Жамият 

Сурхондарёдаги савдо мажмуаси портлади. 9 киши жароҳатланган

Бугун, 7 декабрь куни Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги савдо мажмуасида портлаш содир бўлди. Оқибатда 10 га яқин одам жароҳатланди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Портлаш соат 03:57да Денов шаҳри Мустақиллик кўчасида жойлашган 2 қаватли “Инденим” савдо мажмуаси биносида содир бўлган. Портлаш натижасида савдо мажмуаси биноси деворлари қулаб тушган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳодиса бўйича берган қўшимча маълумотига кўра, 30 дақиқа атрофида вайрона остида олиб борилган қидирув ишларида икки нафар ҳалок бўлган фуқаро аниқланган. Вазирлик орадан кўп ўтмай яна бир қурбон ҳақида маълумот берди.

Андижонда 18 ёшли хавфли рецидивист қўлга олинди

Андижонда заргарлик дўконидан бир неча 10 миллионли товарларни ўғирлаган 18 ёшли рецидивист қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 21 ноябрдан 22 ноябрга ўтар кечаси номаълум шахс ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, Андижон шаҳри Бобуршоҳ кўчасида жойлашган 45 ёшли И.С.га тегишли тилла ва кумуш буюмлар сотиладиган дўконга ғайриқонуний равишда кирган. У мазкур дўкондан 70.000.000 сўмлик кумуш буюмларни, 150 АҚШ долларига тенг бўлган чойшаблар, тарози, касса аппарати, терминал ва бир дона қора рангли “барсетка”ни яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Комилов Афғонистон бўйича аравани қуруқ олиб қочмасликка чақирмоқда

Афғонистон муаммосини ҳал этишда қуруқ гапдан амалий ишга ўтиш лозим. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун, 7 декабрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори лавозимидаги миссиясини якунлаётган Жумахон Ғиёсов билан учрашув чоғида сўз очди. 

“Афғонистондаги вазият ҳақида гапирганда бугунги кунда қуруқ сўздан амалий ишларга ўтиш вақти келди. Чунки қиш яқинлашмоқда ва мамлакатдаги вазиятнинг беқарорлашишига олиб келиши мумкин бўлган гуманитар фалокатнинг олдини олиш учун афғон халқига аниқ ёрдам кўрсатиш ниҳоятда муҳим ҳисобланади”, дейди Комилов.

Москвадан учган самолёт Урганчга қўна олмади

“Аэрофлот”нинг Москва-Урганч йўналишида учган самолёти қуюқ туман туфайли аэропортга қўна олмай, Нукусдаги муқобил аэропортга қўнди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

“Аэрофлот”нинг SU1976 Москва-Урганч рейси белгиланган аэропортга қўна олмади. Урганчда қуюқ туман бор, горизонтал кўриниш 100 метрни ташкил этади”, дейилади хабарда.

“Қўйлиқ” деҳқон бозори бошқа жойга кўчирилади

Тошкентнинг Бектемир туманидаги “Қўйлиқ” деҳқон бозори ва унга туташ улгуржи савдо майдонлари бошқа жойга кўчирилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, бу Тошкент ҳалқа йўлининг кенгайтирилиши ва кўприк қурилиши режалаштирилгани билан боғлиқ.

Пойтахтдаги йўл инфратузилмасини яхшилаш, коммуникация тармоқларини такомиллаштириш ва тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида шундай қарорга келинган.

Ҳокимлик савдо мажмуаси қаерга кўчирилиши ҳақида аниқ маълумот бермаган.

Бойсун ҳокимлиги Trailblazer сотиб олди. Бу рухсат этилганидан қиммат

Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани ҳокимлиги 398 млн сўмга Trailblazer русумли автомобиль сотиб олди. Тегишли шартнома Давлат харидлари порталига жойлаштирилган.

Шартномага кўра, ҳокимлик ноябрь ойида тузилган шартнома бўйича етказиб берувчига автомобилнинг 100 фоиз суммасини ўтказиб берган.

Олам

Қозоғистонда фуқаролар АЭС қуришга қарши чиқмоқда

Қозоғистон аҳолиси мамлакатда атом электр станцияси қурилишини хоҳламаяпти. Шу сабабдан АЭС қуришга қарши овоз йиғиш мақсадида онлайн петиция эълон қилинди. Унинг муаллифлари фуқаролар ва атроф-муҳитга таҳдиддан қўрқиб, атом электр станциялари қурилишини тақиқлашни таклиф қилмоқда.

Бунинг ўрнига қозоғистонликлар бошқа хавфсизроқ турдаги электр станцияларини кўпайтиришни сўрамоқда. Қайд этиш керакки, Қозоғистонда “тинч атом” тарафдорлари ва мухолифлари ўртасидаги тортишувлар тинмаяпти.

Яна бир давлат расмийлари Пекин Олимпиадасига бормайдиган бўлди

Хитой пойтахти Пекинда бўлиб ўтадиган Қишки Олимпия ўйинларида Янги Зеландия  вазирлари иштирок этмайди. Бу ҳақда  мамлакат Спорт вазири Грант Робертсон "1News" спорт телеканалига маълумот берган.

Робертсоннинг сўзларига кўра, бу қарор пандемия шароитида хавфсизлик нуқтаи назаридан қабул қилинган ва АҚШнинг Пекиндаги ўйинларни дипломатик бойкотига алоқадор эмас.

"Бунга бир қатор сабаблар бор эди, лекин асосан бу COVID-19 ва саёҳат логистикаси билан боғлиқ", деди у.

Афғонистоннинг хориждаги самолётлари қисман қайтарилди – “Толибон”

Афғон ҳарбий самолётлари – мустаҳкам қанотли самолётлар ва вертолётлар қўшни мамлакатлардан олиб келинди. Бу ҳақда мамлакат расмийлари маълум қилди. Қўшимча маълумотлар, хусусан, самолётларнинг аниқ сони очиқланмаган.

Маълумки, Афғонистон Ислом Республикаси август ойида “Толибон” томонидан қулатилганда мамлакат ҳарбий ҳаво кучлари учувчилари самолёт ва вертолётларда қўшни давлатларга қочиб ўтганди.

Балх вилоятидаги Ал-Фатҳ корпуси қўмондони Отаулло Омари самолётларни ортга қайтариш чоралари кўрилаётганини маълум қилди.

Россияда эрига аччиқ қилган маст аёл 1,5 яшар қизини калтаклади

Россияда маст ҳолатида бир ярим яшар қизини калтаклаган 31 ёшли қозонлик аёлга жиноят иши очилди. Ушбу ҳолат тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалганди. Бу ҳақда журналистларга Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Татаристон бўйича тергов бошқармаси Матбуот хизмати маълум қилди.

Терговчилар видео жорий йилнинг 1 декабрида ёзиб олинганини аниқлаган. Хонадонда 31 ёшли аёл маст ҳолда 2020 йилда туғилган қизини қаттиқ калтаклаган ва ҳаммасини камерага тасвирга олган. 

Қайд этилишича, бола онасидан олиб қўйилган ва аёлга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Ҳиндистон армияси янгича “Калашников” билан қуроллантирилади

Россия Президенти Владимир Путин Ҳиндистонга расмий ташрифни амалга оширди. 

Икки давлат раҳбарининг музокаралари натижасида эришилган асосий келишув Калашников автоматини Ҳиндистон армиясининг асосий ҳужум қуролига айлатириш режаси бўлди. Ҳозирда қўлланилиб келаётган АК-47 классик модели ўрнига замонавий АК-203 моделига алмаштириш ҳамда ушбу қурол билан бутун Ҳиндистон армиясини таъминлашга келишиб олинди. Шу мақсадда АК-203 моделини Ҳиндистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 590 млнд долларлик битим имзоланди. Режага кўра, мамлакатда 600 мингта Калашников автоматини ишлаб чиқарилади.

Спорт

АҚШ Пекин Олимпиадасига дипломатик бойкот эълон қилди

АҚШ расмийлари 2022 йилги Пекин Олимпиадасига бормайди. Бу ҳақда  Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки кеча, 6 декабрь куни брифингда маълум қилди.

“Байден маъмурияти 2022 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига дипломатик вакиллар ёки бошқа расмийларни юбормайди”, деган Псаки.

Унинг қайд этишича, Вашингтон ХХР Шинжон-Уйғур автоном районида инсон ҳуқуқларини поймол этяпти, деб ҳисоблаб, шундай қарорга келган.

Олимпиада сиёсий манипуляция саҳнаси эмас – Хитой бойкотчиларга жавоб қайтарди

Хитой АҚШ ва Янги Зеландиянинг Пекин-2022 қишки Олимпия ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилиш қарорига жавобан қатъий чоралар кўради. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Чжао Лицзянь маълум қилди.

“АҚШнинг хатти-ҳаракатлари Олимпия Хартиясида белгиланган жисмоний тарбия ва спортнинг сиёсий бетарафлиги тамойилини жиддий тарзда бузади. Хитой Қўшма Штатларга ўзининг кескин норозилигини билдиради, қатъий жавоб чораларини кўради”, дейди Лицзянь.

Ломаченко учун фаолиятидаги энг қадрли жанг қайси? 

Уч вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони, украиналик Василий Ломаченко профессионал рингдаги энг қадрли ҳақида гапирди.

33 ёшли боксчининг сўзларига кўра, венесуэлалик Хорхе Линаресга қарши жангдаги ғалаба у учун қадрлироқ. Чунки “хай-тек” енгил вазн тоифасида биринчи марта Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.

“Менинг энг севимли жангим Линарес билан бўлган. Чунки ўшанда партерга йиқилиб, ўрнимдан тура олган эдим. Боксдан бошқа ҳаётни билмайман. Бутун умрим давомида бокс билан шуғулланганман”, дейди Ломаченко.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 112
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×