Комилов Афғонистон бўйича аравани қуруқ олиб қочмасликка чақирмоқда
Жамият
−
07 Декабрь 2021
7789Афғонистон муаммосини ҳал этишда қуруқ гапдан амалий ишга ўтиш лозим. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун, 7 декабрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори лавозимидаги миссиясини якунлаётган Жумахон Ғиёсов билан учрашув чоғида сўз очди.
“Афғонистондаги вазият ҳақида гапирганда бугунги кунда қуруқ сўздан амалий ишларга ўтиш вақти келди. Чунки қиш яқинлашмоқда ва мамлакатдаги вазиятнинг беқарорлашишига олиб келиши мумкин бўлган гуманитар фалокатнинг олдини олиш учун афғон халқига аниқ ёрдам кўрсатиш ниҳоятда муҳим ҳисобланади”, дейди Комилов.
Учрашувда қайд этилишича, Ўзбекистон ташкилотга аъзо давлатларнинг терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашдаги ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш бўйича ШҲТнинг асосий органи бўлган МАТТ фаолиятига катта аҳамият қаратмоқда.
Комилов Ғиёсовнинг ташкилотни янада ривожлантириш ва ШҲТга аъзо давлатларнинг ваколатли органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ижобий суръатини таъминлашга қўшган шахсий ҳиссасини юқори баҳолаган.
Ўз навбатида, Ғиёсов ўз миссиясини муваффақиятли бажариш учун яратилган қулай шарт-шароитлар ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси фаолиятига кўрсатилаётган кўмак учун Ўзбекистон томонига самимий миннатдорлик билдирган.
Маълумот ўрнида, 2022 йил 1 январдан ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси директори лавозимида Ўзбекистон вакили Руслан Мирзаев фаолиятини бошлайди.
LiveБарчаси