АҚШ Пекин Олимпиадасига дипломатик бойкот эълон қилди
Спорт
−
07 Декабрь 2021
7146АҚШ расмийлари 2022 йилги Пекин Олимпиадасига бормайди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки кеча, 6 декабрь куни брифингда маълум қилди.
“Байден маъмурияти 2022 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига дипломатик вакиллар ёки бошқа расмийларни юбормайди”, деган Псаки.
Унинг қайд этишича, Вашингтон ХХР Шинжон-Уйғур автоном районида инсон ҳуқуқларини поймол этяпти, деб ҳисоблаб, шундай қарорга келган.
“Аммо АҚШ терма жамоаси ва спортчилар бизнинг тўлиқ ёрдамимизни олади, биз ўзимиз уйда қолиб, уларни қўллаб-қувватлаймиз”, деган Оқ уй вакили.
Унинг таъкидлашича, гап 1980 йилдаги воқеаларнинг такрорланиши ҳақида бормаяпти. Ўшанда АҚШ ва бошқа бир қатор давлатлар Москвадаги Олимпиадага спортчиларни юбормасдан бойкот қилган.
2022 йилги Қишки Олимпия ўйинлари Пекинда 4-20 февраль кунлари бўлиб ўтади.