Олимпиада сиёсий манипуляция саҳнаси эмас – Хитой бойкотчиларга жавоб қайтарди
Спорт
−
07 Декабрь 2021
7824Хитой АҚШ ва Янги Зеландиянинг Пекин-2022 қишки Олимпия ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилиш қарорига жавобан қатъий чоралар кўради. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Чжао Лицзянь маълум қилди.
“АҚШнинг хатти-ҳаракатлари Олимпия Хартиясида белгиланган жисмоний тарбия ва спортнинг сиёсий бетарафлиги тамойилини жиддий тарзда бузади. Хитой Қўшма Штатларга ўзининг кескин норозилигини билдиради, қатъий жавоб чораларини кўради”, дейди Лицзянь.
У қандай чоралар кўрилишини аниқ айтмаган, бироқ АҚШ ўзининг нотўғри ҳаракатлари учун жавоб беришини таъкидлаб, дунё ҳамжамиятини маълумотларни кузатиб боришга чақирди.
Дипломатнинг таъкидлашича, Олимпия ўйинлари “сиёсий манипуляция саҳнаси эмас”. Унинг сўзларига кўра, Вашингтонга таклиф бўлмагани учун Америка томони Олимпиадага расмийларни жўнатмасликка қарор қилган ва буни Шинжондаги инсон ҳуқуқлари муаммоси билан боғлаган.
“Америка бу фактларни бузиб кўрсатган ва ўз-ўзини алдаган. АҚШнинг сиёсий режаси қўллаб-қувватланмайди ва барбод бўлишга маҳкум. Пекиндаги қишки Олимпия ўйинлари бутун дунё спортчилари ва мухлислар учун тантанали воқеа. АҚШ спортни сиёсийлаштирмаслиги, Пекин Олимпиадасига тўсқинлик қилувчи хатти-ҳаракатлар ва баёнотларни тўхтатиши керак, акс ҳолда бу икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг қатор йўналишларига, шунингдек, минтақавий ва глобал муаммолар бўйича мулоқотга путур етказади”, дейди Хитой вакили.
Дунё ҳамжамияти ва Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Хитойнинг Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўришдаги фаолиятини юқори баҳолаган. Лицзяннинг маълумотларга кўра, хорижлик спортчилар, жумладан, Америка Қўшма Штатларидан жуда кўплаб вакиллар Пекиндаги мусобақаларда қатнашишни интиқлик билан кутмоқда.
“Биз ишонамизки, Олимпиада руҳи ва барча томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Хитой, албатта, дунёга хавфсиз ва таъсирли Олимпия ўйинларини тақдим эта олади”, дея айтиб ўтган Чин юрти Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.
Бундан ташқари, Хитой бутун дунёдан спортчиларни Пекин Олимпиадасига таклиф қилади ва барча томонлар бирдамлик руҳини сақлаб, спортни сиёсийлаштиришни бас қилишига умид қилади. Шундай қилиб, Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Янги Зеландия сиёсатчиларининг 2022 йилги ўйинларга бормаслик ҳақидаги қарорига ҳам изоҳ берди:
“Пекин қишки Олимпиадаси бутун дунё спортчилари ва спорт ихлосмандлари учун тантанали тадбирдир. Биз хорижлик спортчиларни, жумладан, Янги Зеландия спортчиларини ҳам ўйинларда иштирок этишларини кутиб қоламиз. Умид қиламизки, барча томонлар Олимпиада бирлиги руҳига амал қилади ва спортни сиёсийлаштиришни тўхтатади. Асосий эътибор бойкотга чақирганларга эмас, балки спортчиларга қаратилиши керак. Расмийларнинг келиш-келмаслиги билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Бу Ўйинларнинг муаммосиз, хавфсиз ва ажойиб ўтишига заррача таъсир қилмайди”.
LiveБарчаси