Бойсун ҳокимлиги Trailblazer сотиб олди. Бу рухсат этилганидан қиммат

Жамият 6825
image

Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани ҳокимлиги 398 млн сўмга Trailblazer русумли автомобиль сотиб олди. Тегишли шартнома Давлат харидлари порталига жойлаштирилган.

Шартномага кўра, ҳокимлик ноябрь ойида тузилган шартнома бўйича етказиб берувчига автомобилнинг 100 фоиз суммасини ўтказиб берган.

Ушбу харид бўйича Сурхондарё вилояти ҳокимлиги розилик берган. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ф.Маманов имзоси билан чиқарилган хатда шундай дейилади:

“Бойсун туман ҳокимлигининг 2021 йил 27 октябрдаги 01-0/4572-сонли хати тегишли тартибда ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чоратадбирлари тўғрисида”ги 2021 йил 29 апрелдаги 258-сон қарорида белгиланган тартиб асосида Бойсун туман ҳокимлигининг балансида турган, 2013 йилда ишлаб чиқарилган, техник носоз ҳолатдаги Captiva-2 хизмат автомашинасини электрон аукцион савдоси орқали сотилишига ва янги хизмат автомашинаси харид қилинишига эътирозимиз йўқлигини маълум қиламиз”.

Бироқ туман ҳокимлиги юқоридан келган жавоб хатига биноан йўл тутмаган. Ҳоким қарори билан Туман ҳокимлиги балансида бўлган 2013 йилда ишлаб чиқарилган Captiva-2 Бойсун туман прокуратурасига оператив бошқарув ҳуқуқи билан тўловларсиз ўтказиб берилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги 258-сон қарори билан “Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларини бириктириш меъёрлари” тасдиқланган. Унга кўра, туман ҳокимлари хизмат машиналари нархлари БҲМнинг 1000 бараваридан (270 млн сўм), двигатель энг юқори қуввати 2000 сv кубдан ошмаслиги лозим. Агар туман тоғли ҳудуд бўлса, бу қувватни 3000 см кубгача оширишга рухсат берилиши мумкин, бироқ, автомобиль нархининг истисно чегараси кўрсатилмаган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 301
Рейтинг: 3
t
×