TOP-13: Қайси давлатлар Токио Олимпиадаси ғолибларига миллионлаб доллар сарфлади?

Спорт 23506
image

Жорий йилнинг 23 июлидан 8 августига қадар бўлиб ўтган XXXII ёзги Олимпия ўйинлари ўз якунига етди. 

Анъанага мувофиқ, аксарият мамлакатлар ҳукумати ва спорт федерациялари томонидан тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида медаль қўлга киритган спортчиларга мукофот пуллари тақдим этилди. “Forbes” маълумотига кўра, 13 та давлат ўз делегацияларидаги ғолиб ва совриндор спортчилар учун миллион доллардан зиёдроқ маблағ сарф этган.

Қайд этиш кераки, Буюк Британия, Янги Зеландия, Норвегия ва Швеция каби давлатлар ўз спортчиларига медаллар учун мукофот пули тўламайди. Австралия, Канада ва Франция сингари спорти ривожланган мамлакатлар эса маълум миқдорда спортчиларни рағбатлантирган. Аксинча, баъзи кичик давлатлар бонуслар ва катта миқдордаги пулларни таклиф қилади. Масалан, Сингапур олтин медаль соҳибларига тахминан 738 000 доллар мукофот пули ваъда қилган, Малайзия эса бир марталик тўлов сифатида 237 000 доллар ва умрбод нафақа тўлайди. Аммо бу мамлакатлар одатда кўп медалларни қўлга киритмайди ва шунинг учун кўп маблағ сарф этилмайди.

Хитой 2008 йилги Пекин Олимпиадасининг олтин медаль соҳибларига 51 минг доллар тўлаганидан сўнг, берилган мукофотлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилмади. Ҳисоботлар шуни кўрсатадики, чин юрти вакиллари медаллар жамғариш бўйича АҚШни ортда қолдирса, яхшигина қўшимча даромадга эга бўлади. Россияда ҳам бу борада аниқ маълумот берилмаган.

Италия
Медаллар: 10 та олтин, 10 та кумуш, 20 та бронза
Тўлов: 9,07 миллион доллар
1992 йилдан буён ёзги Олимпия ўйинларида 27 тадан кўп медаль қўлга киритмаган, шунинг учун, Италия бонуслар миқдорини оширди. Олтин учун тахминан 212 минг доллар, кумуш учун 106 минг доллар ва бронза учун 71 минг доллар миқдоридаги мукофот пуллари спортчиларга тақдим этилган. 

АҚШ
Медаллар: 39 та олтин, 41 та кумуш, 33 та бронза
Тўлов: 7,84 миллион доллар

Олимпиада баҳсларида америкаликларнинг энг яхши кўрсаткичини бешта олтин медалга сазовор бўлган сузувчи Калаб Дрессел қайд этди. Бироқ АҚШ бейсбол жамоаси кумуш медални қўлга киритгани учун 24 ўйинчининг ҳар бири 22 500 доллар билан мукофотланди. Олтин медаль учун 37 500 доллар берилади. Аслида жамоавий мусобақаларда қўлга киритилган медаллар расман битта ҳисобланади.

Франция
Медаллар: 10 та олтин, 12 та кумуш, 11 та бронза
Тўлов: 6,51 миллион доллар

Франция спортчилари Токиодан 33 та медаль билан қайтди, бу эса, 1992 йилдан буён Олимпия ўйинларида қайд этилган энг паст кўрсаткичдир. Мамлакат ҳукумати ҳар бир олтин медаль учун, тахминан, 76 минг доллар мукофот пули тақдим этди.

Венгрия
Медаллар: 6 та олтин, 7 та кумуш, 7 та бронза
Тўлов: 5,64 миллион доллар

Гарчи венгрияликлар умумий ҳисобда 20 та медаль қўлга киритган бўлсада, сув полоси бўйича бронза медалини қўлга киритган эркаклар ва аёллар тема жамоасининг 26 ўйинчисига 2,46 миллион доллар мукофот пули тўланган.

Тайван
Медаллар: 2 та олтин, 4 та кумуш, 6 та бронза
Тўлов: 4,92 миллион доллар

Олимпия ўйинларида расмий равишда Хитой Тайпейи номи билан иштирок этган Тайван ўз спортчиларига олтин медаль учун тахминан 719 минг доллар, кумуш медаль учун 252 минг доллар ва бронза медаль учун 180 минг доллар мукофотни ваъда қилган. Мамлакат делегацияси томонидан қўлга киритилган 12 та медаль эвазига 2000 ва 2004 йилда қўлга киритилган натижалар янгиланди.

Япония
Медаллар: 27 олтин, 14 кумуш, 17 бронза
Тўлов: 4,03 миллион доллар

Мезбон мамлакатларда медаллар жамғариш бўйича ўсиш кузатилган. Масалан, Япония Риода қўлга киритилган натижани яхшилай олди. Ҳар бир олтин медаль учун эса, 46 000 доллар мукофот пули ваъда қилинган.

Испания
Медаллар: 3 та олтин, 8 та кумуш, 6 та бронза
Тўлов: 2,55 миллион доллар

Испания Олимпия қўмитаси якка тартибдаги мусобақаларда олтин медаль соҳибларига тахминан 110 минг доллар, кумуш медаль эгаларига 56 минг доллар ва бронза медаль соҳибларига 35 минг доллар тўлаган, жамоавий мусобақалар совриндорларига эса бундан камроқ. 

Туркия
Токио медаллари сони: 2 та олтин, 2 та кумуш, 9 та бронза
Умумий тўлов: 2,26 миллион доллар

Туркияда спортчиларга ҳар бир олтин медаль учун тахминан 380 минг доллар, ҳар бир кумуш учун 230 минг доллар ва бронза учун 115 минг доллар мукофот пули тақдим этилган.

Сербия
Медаллар сони: 3 та олтин, 1 та кумуш, 5 та бронза
Тўловнинг умумий миқдори: 2,01 миллион доллар

Сув полоси бўйича сербия эркаклар терма жамоаси Олимпиаданинг энг сўнгги олтин медалини қўлга киритди. Шунинг ҳисобига жамоанинг ҳар бир вакилига бонус сифатида пул маблағлари тақдим этилган.

Гонконг
Медаллар: 1 олтин, 2 кумуш, 3 бронза
Тўлов: 1,93 миллион доллар

Гонконг ҳудуд жиҳатдан алоҳида маъмурий минтақа ёки мамлакат эмас, лекин Олимпия ўйинларида Хитойдан алоҳида, ўз байроғи остида қатнашади. 643 минг доллар олтин медаль учун тақдим қилинган.

Австралия
Медаллар: 17 олтин, 7 кумуш, 22 бронза
Тўлов: 1,05 миллион доллар

Австралия Олимпия қўмитасининг бронза учун 7 000 доллар, олтин учун эса 15 000 долларгача пул тўлайди. Бироқ спортчи бир нечта медаль қўлга киритгани учун қўшимча даромад олиш имкониятига эга эмас.

Индонезия
Медаллар сони: 1 олтин, 1 кумуш, 3 бронза
Умумий тўлов: 1,04 миллион доллар

Индонезия спортчилари олтин медаль учун 346 минг доллар миқдоридаги маблағга эга бўлади. Шунингдек, олтин медаль қўлга киритган бадминтончилар умрларининг сўнггига қадар 1 400 доллар миқдорида ойлик нафақага эга бўлади. 

Канада
Медаллар сони: 7 олтин, 6 кумуш, 11 бронза
Умумий тўлов: 1 миллион доллар

Канада совриндор спортчига қўлга киритилган олтин медаль учун 8 000 дан 16 000 долларгача миқдорда маблағ ажратган. Футбол бўйича аёллар терма жамоаси Олимпиада чемпиони бўлди ва жамоанинг ҳар бир футболчиси мукофот пуллари билан тақдирланди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда Олтин медаль қўлга киритган спортчиларга 200 000 доллар, бронза медаль соҳибларига 50 000 доллар мукофот пули берилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, Олимпиадага лицензия олган 67 нафар спортчининг ҳар бири 100 миллион сўм, мураббий эса 50 миллион сўм билан рағбатлантирилган эди. 

Кеча, 9 август куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида бўлиб ўтган ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида Олимпия чемпионлигини қўлга киритган Улуғбек Рашидов, Акбар Жўраев ва Баҳодир Жалолов Tahoe автомобили ҳамда уч хонали “коттеж” билан, бронза медалга эга бўлган Беҳзод Абдураҳмонов ҳамда Давлат Бобонов TrailBlazer ва икки хонали уй билан тақдирланди.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 943
Рейтинг: 3
t
×