Украинадаги уруш қўмондони ўзгариши Путинга ёрдам бермайди – Оқ уй

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путиннинг стратегик муваффақиятсизлигини Украина урушидаги қўмондонни ўзгартириш билан бартараф этиб бўлмайди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Женнифер Псаки маълум қилди, дея хабар берди CNN.

Унинг сўзларига кўра, Сурияда кимёвий қурол қўллагани билан танилган генерал Александр Дворниковнинг тайинланиши ҳеч нарсани ўзгартирмайди – юқоридаги кадрлар ёки раҳбариятнинг ўзгариши бу Россия учун стратегик муваффақиятсизлик эканлигини йўқ қилмайди.

Псакининг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Россия армиясининг Суриядаги ваҳшийликларида Дворников ўйнаган ролни яхши билади. Қўшма Штатларда улар Украинада ҳам худди шундай қилишга уринишига ишонишади.

“Биз Украинада кўрган ваҳшийликларнинг давоми бўлишини кутяпмиз. Лекин яна бир бор айтаманки, ишлар Президент Путин режалаштирганидек бўлмади ва бу кадрлар ўзгариши билан тузалмайди”, дея хулоса қилган у.

Псакининг келгусини инобатга олиб айтишича, Байден маъмурияти Россия кучлари Киев ва унинг атрофидаги ҳудудларни эгаллаш бўйича муваффақиятсиз уринишлардан кейин бирлашиб, Украина шарқида Украина қўшинларини ўраб олишга ва мағлуб этишга ҳаракат қилади, деб ҳисобламоқда.

“Ва биз можаронинг бу босқичи узоқ давом этишини тахмин қиляпмиз ва биз Россия ўз тактикасини ўзгартириши ва шафқатсизликни камайтиришини тасаввур қилолмаймиз ва, албатта, раҳбариятнинг ўзгариши биз кўрган ваҳшийликнинг давом этишини англатади”, дея қўшимча қилган у.

Эслатиб ўтамиз, Украинадаги урушнинг янги қўмондони этиб, 61 ёшли генерал Александр Дворниковни тайинлаганди. У Россиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётларига бошчилик қилган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

11

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг