Шойгу Украинадаги уруш қачонгача давом этишини айтди
Олам
−
29 Март 2022
32272Украинадаги “махсус ҳарбий операция” белгиланган мақсадларга эришилгунга қадар давом этади. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу таъкидлади.
“Россия Қуролли кучлари белгиланган мақсадларга эришилгунга қадар махсус ҳарбий операцияни давом эттиради”, деган Шойгу бугун, 29 март куни бўлиб ўтган конференция чоғида.
Унинг иддаосича, Россия ҳарбийлари “махсус операция” давомида Украинанинг Луганск ва Донецк халқ республикалари аҳолисига тинч ҳаёт ўрнатишга фаол ёрдам бермоқда.
“Биз ЛХР, ДХР ва, албатта, Украина аҳолисига фаол равишда гуманитар ёрдам кўрсатмоқдамиз. Ҳозирда 684 та гуманитар акция ўтказилди. 210 та аҳоли пунктига 6079 тонна юк етказилди”, дея Россиянинг “ҳожатбарорлиги” ҳақида гапирган Шойгу.
Эслатиб ўтамиз, март ойи бошида Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу тўсатдан жамоатчиликка кўриниш бермай қўйганди.
Кейин эса, 26 март куни у давлат мудофаа буюртмалари дастурини амалга ошириш ва Россия Қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари олдидаги ижтимоий мажбуриятларни бажариш бўйича ишчи йиғилиш ўтказди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси