Шойгу АҚШ ва НАТОни огоҳлантирди

Олам 35111
image
-

Украина Қуролли Кучларига ёрдам сифатида ушбу мамлакат ҳудудига кирган НАТОнинг барча автомобиллари йўқ қилинади. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу конференцияда маълум қилди. 

"Америка Қўшма Штатлари ва НАТО иттифоқчилари Украинага қурол-яроқ ташлашда давом этмоқда. Шуни таъкидлаб ўтаманки, Шимолий Атлантика альянсининг Украина Қуролли Кучлари эҳтиёжлари учун қурол ёки материаллар билан ушбу мамлакат ҳудудига келган ҳар қандай транспорти йўқ қилиш учун қонуний нишон ҳисобланади”, дейди Шойгу.

Унинг сўзларига кўра, Украинадаги уруш давомида россиялик ҳарбийлар “мардлик ва жасорат кўрсатмоқда, ўз ҳарбий бурчини шараф билан бажармоқда, Донбасс аҳолиси хавфсизлигини таъминламоқда”. 

“Россия Қуролли Кучлари олий Бош қўмондон (Владимир Путин – таҳр.) томонидан қўйилган барча вазифаларни бажаришда давом этади”, дейди вазир.

Мариуполни назорат қилиш

Мудофаа вазирлиги раҳбарининг маълум қилишича, россиялик ҳарбийлар Донбаснинг Мариуполь шаҳрини назоратига олган.

“Луганск халқ республикаси, Донецк халқ республикаси ва миллатчилардан озод қилинган Украина ҳудудларида тинч ҳаёт ўрнатилмоқда. Жумладан, Азов денгизидаги энг йирик саноат ва транспорт маркази ҳам. У Россия армияси назоратида", дейди Шойгу.

Маълумот ўрнида, АҚШ Пентагондан Украина кучларига қурол-яроғ ва ўқ-дорилар, жумладан артиллерия, бронетранспортёрлар ва дронлар ўтказмоқда. Ҳарбий ёрдам етказиб беришда яна ўттиздан ортиқ мамлакат иштирок этмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, Байден Конгрессдан Украинага гуманитар ва ҳарбий ёрдам сифатида 33 миллиард доллар сўради. Байден сўраган маблағга 8,5 миллиард доллар иқтисодий ёрдам ва 3 миллиард доллар гуманитар ва озиқ-овқат ёрдами киради.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 179
Рейтинг: 3.1
t
×