Шольц Штайнмайерга қўполлик сабаб Киевга бормаётганини айтди
Олам
−
03 Май 2022
9357Германия канцлери Олаф Шольц Украина Президенти Владимир Зеленский Киевда ГФР Президенти Франк-Валтер Штайнмайерни қабул қилишдан бош тортгани учун собиқ Совет республикасига ташриф буюрмаяпти. Бу ҳақда у ZDF нашри билан суҳбатда айтиб ўтган.
“Bild” нашри Украина ҳукумат доираларига таяниб, Зеленский сўнгги йилларда Штайнмайерни “Россия билан яқин алоқада бўлгани учун” Киевда меҳмон қилишдан бош тортгани ҳақида хабар берганди. Нашрнинг ёзишича, у 13 апрель куни Украинага ташриф буюришни режалаштирган. Штайнмайер Польша, Литва, Латвия ва Эстония раҳбарлари билан бирга Киевга боришга тайёрлигини, бироқ у ерда унинг мавжудлиги исталмаган деб ҳисобланганини тушунтирган.
“Бу (канцлернинг Киевга ташрифига – таҳр.) ҳалал беряпти”, деган Шольц Украинага ташриф борасида фикр билдириб.
Канцлер Штайнмайерни қабул қилишдан бош тортишни “жуда кўзга кўринарли воқеа” деб атаган.
“Бундай қилиш нотўғри. Хавфсизлик кафолатлари учун зарур бўлган ҳарбий ва иқтисодий ёрдам кўрсатаётган давлатга: “Президент келиши мумкин эмас” дейилмаслиги керак”, деган Шольц.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15