Санкциялар ўрасига тушган Россия ундан чиқишнинг навбатдаги йўлини қидирмоқда
Олам
−
11 Март 2022
14814Россия ҳукумати мамлакатга қарши жорий этилган санкциялар фонида инқирозга қарши чора-тадбирларнинг учинчи пакетини зудлик билан тайёрлаши керак. Бу ҳақда Россия Бош вазири Михаил Мишустин мамлакат иқтисодиётининг санкциялар шароитида барқарорлигини ошириш бўйича ҳукумат комиссияси йиғилишида айтиб ўтди.
Унинг эслатишича, инқирозга қарши чоралар бўйича биринчи пакет аллақачон парламент томонидан маъқулланган, иккинчиси жорий ҳафтада Давлат Думасига тақдим этилган.
“Биз зудлик билан қонунчилик ташаббусларининг учинчи пакетини, шунингдек, қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашимиз керак”, дейди Мишустин.
Бош вазирнинг қўшимча қилишича, улардан баъзилари устида иш аллақачон якунланган. Шундай қилиб, кичик ва ўрта бизнес сегменти вакиллари учун кредит таътилларида ҳисобланиши мумкин бўлган тармоқлар рўйхати тасдиқланган.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 1 мартигача кредит олган корхоналар тўловни олти ойгача кечиктириш ёки имтиёзли даврда қисқартириш бўйича келишувга эга бўлишлари мумкин.
“Бу қишлоқ хўжалиги, туризм, фан, маданият, умумий овқатланиш, тиббиёт, дастурий таъминот ишлаб чиқиш, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, мебель, кийим-кечак ишлаб чиқариш, умуман, савдо соҳаларидагилар учун ҳам пайдо бўлади”, дейди Мишустин.
Таъкидланишича, чора иқтисодий фаолият турларининг Бутунроссия таснифлагичининг 70 та кодига тааллуқлидир. Рўйхат Ғарбнинг Россияга қўйган санкциялари ва бизнес таклифларини инобатга олган ҳолда тузилган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 7 март куни Россия Федерацияси Вазирлар Маҳкамаси мамлакатга, унинг компаниялари ва фуқароларига нисбатан нодўстона ҳаракатларни амалга оширувчи хорижий давлатлар ва ҳудудлар рўйхатини тасдиқлади. Бундан ташқари, 8 март куни Россия Президенти Владимир Путин санкциялар остидаги фуқаролар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирларни ўз ичига олган қонунни имзолади.
Орадан икки ўтиб, 10 мартда Россияга аввал хориждан олиб келинган, олиб чиқиш вақтинча тақиқланган товарлар ва жиҳозлар рўйхатини белгиланди. Бугун, 11 март куни эса Давлат Думаси йиғилишда санкциялар шароитида транспорт саноатини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қонунни дарҳол иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилди.
Айтиш жоизки, Россия бошқа давлатлар томонидан қўйилган санкциялар сони бўйича дунёда етакчига айланди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси