Россия санкциялар гирдобида қолиш бўйича дунё етакчисига айланди

Олам

image

Россия бошқа давлатлар томонидан қўйилган санкциялар сони бўйича дунёда етакчига айланди. Бу ҳақда санкциялар чекловларини кузатиш бўйича глобал маълумотлар базаси Castellum.ai маълумотларида келтирилган.   

22 февралгача Россия Эрондан кейин иккинчи ўринда эди. Ўшанда Теҳронга қарши 3616 та, Москвага қарши 2754 та санкция қўйилган бўлса, Сурия 2608 та санкция билан учинчи ўринда бораётганди. Аммо февраль ойидан бери Москвага қарши 2778 та янги санкция жорий этилди ва бу чекловлар умумий сони 5532 тага етди. Айни вақтда Россия Эрондан анча олдинда бормоқда.

Ҳаммаси бўлиб 22 февралдан бери Россия ташкилот ва компанияларига нисбатан 343 та, жисмоний шахсларга нисбатан 2427 та санкция қўлланилган. Россияга қарши барча чекловларнинг асосий қисми икки ҳафта ичида Швейцария – 568 та, Европа Иттифоқи (518 та) ва Франция (512 та) томонидан киритилган. Бу вақт ичида Қўшма Штатлар Россияга қарши 243 та, Буюк Британия 35 та санкция киритди.

Айни вақтда Америка Қўшма Штатлари томонидан Россияга қарши қўйилган санкциялар 1194 тани ташкил этмоқда. Москвага қарши чекловлар ҳажми бўйича кейинги ўринларда Канада (908) ва Швейцария (824) бормоқда. 

Эслатиб ўтамиз, бугун, 8 март куни Япония ҳукумати Россияга нисбатан навбатдаги санкциялар пакетини маъқуллади. 

7 март куни эса Россия Федерацияси Вазирлар Маҳкамаси Россияга, унинг компаниялари ва фуқароларига нисбатан нодўстона ҳаракатларни амалга оширувчи хорижий давлатлар ва ҳудудлар рўйхатини тасдиқлаган эди

Рўйхатга АҚШ ва Канада, Европа Иттифоқи давлатлари, Буюк Британия (жумладан, Жерси, Ангилья, Британия Виржиния ороллари, Гибралтар), Украина, Черногория, Швейцария, Албания, Андорра, Исландия, Лихтенштейн, Монако, Норвегия, Сан-Марино, Шимолий Македония, шунингдек, Япония, Жанубий Корея, Австралия, Микронезия, Янги Зеландия, Сингапур ва Тайвань киритилган. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

22

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг