Русларнинг Винницани вайрон қилган ракеталари қаерни нишонга олгани очиқланди

Олам 12605
image
-

Рус ҳарбийларининг Винницадаги офицерлар уйига юқори аниқликдаги “Калибр” денгиз ракеталарининг зарбаси Украина ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлигининг хорижий қурол етказиб берувчилар вакиллари билан учрашуви йўқ қилишга қаратилган бўлган. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

“14 июль куни “Калибр” юқори аниқликдаги денгиз ракеталари билан Винница шаҳридаги офицерлар гарнизони биносига зарба берилди. Зарба вақтида ушбу ҳарбий объектда Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлигининг хорижий қурол етказиб берувчилар вакиллари билан Украина Қуролли Кучларига самолётлар ва қуролларнинг навбатдаги партиясини топшириш ҳамда Украина авиация флотини таъмирлашни ташкил этиш бўйича учрашуви бўлиб ўтаётганли”, дейилада вазирлик хабарида.

Маълумот учун, 14 июль куни эрталаб фронт чизиғидан юзлаб километр узоқликда жойлашган Винница шаҳри маркази ракеталардан ўққа тутилди. Украина расмийларига кўра, зарба Қора денгиздаги Россия сув ости кемасидан отилган “Калибр” қанотли ракеталари билан берилган.

Ҳужум оқибатида ҳозирча камида 23 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Украина расмийлари эълон қилган суратлардан шаҳар маркази вайрон бўлганини, кўп қаватли бино вайрона ҳолга келганини кўриш мумкин.

Ҳужумдан кейин Зеленский халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб, Россияни террорчи давлат деб тан олиш кераклигини айтди. У шунингдек, Россиянинг ҳарбий жиноятлари учун жазолаш мақсадида халқаро трибунал ташкил этишга чақирди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 27
Рейтинг: 3.2
t
×