Россия расман террорчи давлат сифатида тан олиниши керак – Зеленский

Олам

image

Россияни террорчи давлат деб эълон қилиш керак ва Украинадаги ҳарбий жиноятларлар бўйича халқаро трибунал ташкил этиш керак. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский урушнинг 141-куни якунига бағишланган кечки видеомурожаатида айтиб ўтди.

У Винницага уюштирилган ракета ҳужумига бағишланган нутқини одатдагидек Украина фуқароларига эмас, демократик дунёга мурожаат қилиш билан бошлаган.

“Бу кун Россияни террористик давлат сифатида расман тан олиш кераклигини яна бир бор исботлади. Дунёнинг ҳеч бир давлати Россия каби террористик хавф туғдирмайди. Дунёнинг бирорта давлати ҳар куни тинч шаҳарлар ва оддий аҳоли ҳаётини қанотли ракеталар ҳамда ракета артиллерияси билан йўқ қилишга йўл қўймайди”, деган Зеленский.

Украина Президенти Винницага ҳужум оқибатида тўрт яшар қиз қурбон бўлганини айтаркан, Россия Гаагада (Нидерландия) русларнинг ҳарбий жиноятлари юзасидан конференция ўтказилаётган бир паллада қизалоқнинг умрига зомин бўлганини қайд этган.

“Конференцияда ҳар бир рус ҳарбийси жазоланиши учун нима қилиш кераклиги ҳал қилинаётганди. Бундай жасоратга йўл қўйган бошқа бир террорчи ташкилотни эслайсизми? Олдинги жиноятлари халқаро муҳокама мавзуси бўлганда ўлдириш...

Бу билан Россия халқаро ҳуқуққа, Европага, бутун ривожланган дунёга ўз муносабатини кўрсатди. Шундан сўнг, Россиянинг Украинага бўлган тажовузи бўйича зудлик билан махсус трибунал зарурлиги борасида ҳеч кимда шубҳа бўлиши мумкин эмас”, деган Зеленский.

Маълумот учун, 14 июль куни эрталаб фронт чизиғидан юзлаб километр узоқликда жойлашган Винница шаҳри маркази ракеталардан ўққа тутилди. Украина расмийларига кўра, зарба Қора денгиздаги Россия сув ости кемасидан отилган “Калибр” қанотли ракеталари билан берилган.

Ҳужум оқибатида ҳозирча камида 23 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Украина расмийлари эълон қилган суратлардан шаҳар маркази вайрон бўлганини, кўп қаватли бино вайрона ҳолга келганини кўриш мумкин.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

12

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг