Россия Винницага даҳшатли ракета ҳужуми уюштирди (фоторепортаж)
Олам
−
14 Июль 2022
26214Россия Украина марказидаги Винница шаҳрига ракетадан зарба берди. Украина президенти девони раҳбари ўринбосари Кирило Тимошенконинг маълум қилишича, шаҳарга ҳужум оқибатида Камида 20 киши, жумладан, уч бола қурбон бўлди. Бу ҳақда BBC ёзмоқда.
Ярадорлар ва жароҳатланганлар сони ҳам очиқланган – ҳозиргача 90 нафарга яқини маълум.
Ракета зарбаси маҳаллий вақт билан соат 10:45 да амалга оширилган. Дастлабки маълумотларга кўра, учта ракета офис биноси, Офицерлар уйи, турар-жой бинолари ва “Юбилейний” маиший хизмат кўрсатиш уйи яқинидаги автотураргоҳга келиб тушган.
“Ёнғин етиб келган жойда содир бўлган, ёнғин автотураргоҳга ўтган. Ҳозирда у ерда 50 га яқин автомобиль ёнмоқда. Қутқарувчилар ёнғинни ўчириш устида ишламоқда”, дейилади шаҳар кенгаши хабарида.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги вакили Юрий Игнатнинг айтишича, Винницага ҳужум “Калибр” қанотли ракеталари ёрдамида амалга оширилган. Унинг сўзларига кўра, ракеталар Қора денгиздан сув ости кемасидан учирилган, иккита ракета Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган.
Президент Зеленский Винницанинг ўққа тутилишини “очиқ террорчилик ҳаракати” деб атаган.
“Россия тинч аҳолини йўқ қиляпти, украиналик болаларни ўлдиряпти, ҳар куни ҳеч қандан ҳарбий объект бўлмаган фуқаролик объектларига ракеталар йўналтиряпти. Бу очиқ террорчилик ҳаракати бўлмаса, нима? Улар одам эмас. Қотил мамлакат. Террорчи давлат”, деб ёзган у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Россия ҳукумати ва Қуролли Кучлари вакиллари ҳар доим фуқаролик объектларига ҳужум қилиш айбловларини мунтазам рад этиб келяпти ва бундай зарбалар нишони ҳарбий инфратузилма эканлигини даъво қиляпти.
Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати Винницадаги вайронагарчилик суратларини чоп этишда давом этмоқда.
LiveБарчаси