Россиядаги сафарбарлик умидсизлик белгиси – Шольц

Олам 6169
image

Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинишини ва Украинанинг босиб олинган ҳудудларида “референдумлар” ўтказилиши “умидсизлик ҳаракатидир”. Германия канцлери Олаф Шольц шундай фикр билдирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 77-сессияси арафасида Нью-Йоркда журналистларга берган интервьюсида Шольц “Россия бу жиноий урушда ғалаба қозона олмаслиги” ва Президент Владимир Путин “сўнгги қарорлари билан вазиятни янада ёмонлаштирганини” айтди.

Канцлернинг сўзларига кўра, Путин “бошиданоқ украиналикларнинг қаршилик кўрсатиш иродасини, шунингдек, Киев иттифоқчиларининг “бирдамлиги ва қатъиятини” бутунлай паст баҳолаган.

Германия канцлери Олаф Шольц бунга Россия армиясининг Украинадаги муваффақиятсизлиги сабаб бўлганига ишонади. Шольц Путиннинг баёнотларини эътиборга олди, дейди Берлинда Германия ҳукуматининг расмий вакили.

Унинг эслатишича, Путин қўшинларни қайта гуруҳлаб, Киев ҳудудини тарк этишига тўғри келди, бироқ Кремль Украина шарқида ҳам кўзланган муваффақиятга эриша олмаган.

“Бу Украина ўзининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини жуда самарали ҳимоя қилаётганининг яққол белгисидир, бу нафақат дунёнинг кўплаб мамлакатлари, хусусан, Германиянинг кенг кўламли ва жиддий қўллаб-қувватлаши туфайли”, дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Владимир Путин Россияда қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади, унга кўра 300 минг Россия фуқароси жанговар ҳудудга боради.

Орадан кўп ўтмай Россиядаги “Баҳор” ёшлар ҳаракати Владимир Путиннинг қисман сафарбарлик эълон қилишига жавобан мамлакат бўйлаб намойишлар ўтказишга чақирди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 26
Рейтинг: 3
t
×