Россия Украинанинг Херсонидаги буғдойни олиб кетишни бошлади

Олам

image

Украинани босиб олинган Херсон вилоятида охирги ҳосилдан олинган донни Россияга экспорт қилиш бошланди. Бу ҳақда вилоят ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусов маълум қилган.

“[Янги ҳосилни] сақлаш учун жой бор, бироқ бу ерда жуда кўп дон бор. Ҳозир одамлар донни қисман уйларига ташимоқдалар, биз эса уни Россия Федерациясидан сотиб оладиганлар билан ҳам келишиб олдик”, дейди Стремоусов.

Шунингдек, у маҳаллий ва Россия заводларига ўсимлик мойи ишлаб чиқариш учун уруғ етказиб бериш масаласи ҳам ҳал этилаётганини айтиб ўтган. 

Стремоусовнинг қўшимча қилишича, ҳозир вилоятда кузги бошоқли донларни йиғим-теримга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Жорий йилнинг 20 июнь куни тўлиқ тозалаш ишлари бошланади.

Айтиш жоизки, аввалроқ, Россия расмийлари АҚШ ва Украина раҳбарлари Жо Байден ва Владимир Зеленский сайёрада очарчилик келтириб чиқарган Президентлар сифатида тарихда қолиши, Украинадан донни экспорт қилиш мумкин эмаслигини айтаётганди.

Шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Вашингтон Украинани ғалла захираларидан маҳрум қилиб, мамлакат ҳудудида озиқ-овқат инқирозини келтириб чиқараётганликда айблаганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

39

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made