“Инқироз қўзғатиляпти”. Захарова Украина АҚШга қурол эвазига нима бераётганини айтди

Олам 26091
image
-

Вашингтоннинг ўзи Украинани ғалла захираларидан маҳрум қилиб, мамлакат ҳудудида озиқ-овқат инқирозини келтириб чиқармоқда. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова айтиб ўтган

“АҚШ Президенти Жо Байденнинг жорий йилнинг 10 май куни Украинадан 20 миллион тонна ғалла экспорт қилиш имкониятларини излаш зарурлиги ҳақидаги баёноти Киевнинг Ленд-лизинг қонуни имзоланиши билан бир вақтга тўғри келди. Маълум бўлишича, Киев қурол-яроғ учун буғдой билан тўлайди. Аслида, америкаликларнинг ўзлари Украинани ғалла захираларидан маҳрум қилиб, мамлакатда озиқ-овқат инқирозини қўзғатмоқдалар”, дейди Захарова.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Европа Иттифоқи Африка ҳамда Яқин Шарқ мамлакатларига озиқ-овқат инқирозининг олдини олиш мақсадида  эканини айтиб, 2,5 ой ичида Украинадан 20 миллион тонна донни экспорт қилиш ниятида.

“Аммо, ҳақиқатда ғалла Европадаги омборларга ташилади. Уни Германия, Польша, Литва, Руминия ва Болгариядаги манзилларга етказиш учун темир йўл, автомобиль ва дарё йўллари ташкил этилган”, дея қўшимча қилган ТИВ вакили.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 56
Рейтинг: 3.2
t
×