Байден ва Зеленский очарчиликка сабаб бўлган Президент сифатида тарихда қолади – Володин

Олам 7415
image

АҚШ ва Украина раҳбарлари Жо Байден ва Владимир Зеленский сайёрамизда очарчиликни келтириб чиқарган Президентлар сифатида тарихда қолади. Бу ҳақда Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володин айтиб ўтган. 

“Байден ва Зеленский Украинада содир бўлаётган воқеаларнинг оқибати нима бўлишини тушунишлари керак. Нима бўлганда ҳам Украинадан донни экспорт қилиш мумкин эмас. Бундан украиналикларнинг ўзи жабр кўради. Байден ва Зеленский ўз мақсадига эришадилар – улар сайёрамизда очарчиликни келтириб чиқарган Президентлар сифатида тарихда қолади”, дейди Володин. 

Унинг сўзларига кўра, Украинадаги вазият оддий эмас, мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида баҳорги дала ишлари тўлиқ бажарилмаган. Бу озиқ-овқат тақчиллигига олиб келиши мумкин.

"Европа Иттифоқи Россия ва Беларусдан ўғитларни етказиб беришни тақиқлаб, аллақачон уларнинг тақчиллигига дуч келган. Калийга эса умуман йўқ. Россия қарши қўлланган санкциялар ўйламасдан қабул қилинган. Чекловлар биринчи навбатда озиқ-овқат билан муаммоси бор давлатларга зарба берди. Европада эса дон нархи ошишига сабаб бўлди”, дейди Володин. 

Давлат Думаси спикерининг сўзларига кўра, бўлаётган ишларнинг барчаси шу йил охирида дунёнинг кўплаб мамлакатларида очарчиликни келтириб чиқариши мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова АҚШ ва Европа Иттифоқи Африка ҳамда Яқин Шарқ мамлакатларига озиқ-овқат инқирозининг олдини олиш мақсадида  эканини айтиб, 2,5 ой ичида Украинадан 20 миллион тонна донни экспорт қилиш ниятидалигини, бу эса мамлакатда озиқ-овқат инқирозини келтириб чиқаришини айтганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 11
Рейтинг: 3
t
×