Россия-Украина музокараларида қатнашган Абрамович заҳарлангани айтилмоқда

Олам 15201
image
-

Россия ва Украина ўртасида жорий йилнинг 3 март куни бўлиб ўтган музокараларнинг бир неча иштирокчисида кимёвий қурол қўлланганидан кейин бўладиган заҳарланиш аломатлари борлиги ҳақида хабарлар тарқалди. “Bellingcat” тергов лойиҳаси ушбу хабарлар тасдиқланганини маълум қилди.  

Маълумотларга кўра, жорий йил 4 мартга ўтар кечаси музокараларнинг учта иштирокчисида, жумладан, тадбиркор Роман Абрамовичда ҳам юқоридаги аломатлар кузатилган. Музокарачилар тери ва кўз шиллиқ қаватининг яллиғланиши, шунингдек, бир неча соат давомида ўтиб кетмаган кўзлардаги ўткир оғриқдан шикоят қилган. 

Таъкидланишича, музокаралар Украина ҳудудида, тафсилотларга аниқлик киритилмаган ҳолда бўлиб ўтган. 

“The Wall Street Journal” ўз навбатида, Абрамович ва яна икки музокарачи, жумладан Украина Олий радаси депутати Рустем Умеров Киевдаги музокаралардан сўнг ўзини ёмон ҳис қилгани ҳақида хабар берди. WSJ маълумотларига кўра, Абрамович Киевда Украина Президенти Владимир Зеленский билан ҳам учрашган. Зеленскийда заҳарланиш аломатлари кузатилмаган.  

“Украина томони вакиллари заҳарланишни Кремлдаги айрим кучларнинг тинчлик музокараларини бузишга уриниши билан боғлади”, дейилган нашрда. 

Абрамовичга яқин манбанинг нашрга айтишича, у заҳарлашга уриниш ортида ким турганини билмайди. 

Музокараларда иштирок этаётган Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк WSJ ва “Bellingcat” нашрларига шундай изоҳ берган:  

“Бугун музокаралар гуруҳининг барча аъзолари одатдагидек ишламоқда. Ҳозир ахборот соҳасида жуда кўп маълумот спекуляциялари, турли фитна назариялари ва у ёки бу ахборот ўйинининг элементлари мавжуд. Шунинг учун яна бир бор такрор айтаман – музокара гуруҳлари аъзолари бугун мунтазам режимда ишламоқда”. 

Маълумот ўрнида, жорий йил февраль охири — март ойи бошида норасмий манбалар Роман Абрамович Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокараларида иштирок этаётгани ҳақида хабар берган. Абрамовичнинг Украинага ташрифи ва Киевдаги музокаралари аввал маълум бўлмаган. Россия ва Украина Беларусь ҳудудида бир неча бор юзма-юз музокаралар ўтказган, кейин делегациялар видеоалоқа орқали мулоқотни давом эттирган. Янги юзма-юз музокаралар Истанбулда ўтказилиши керак.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 33
Рейтинг: 3.1
t
×