Россия НАТО давлатларига ҳужум қиладими? Песков жавоб берди

Олам

image

Россия НАТОга аъзо давлатлар ҳудудига бостириб кириш ёки ҳужум қилиш ниятида эмас. Бу ҳақда Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди. 

Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти муносабати билан НАТОга аъзо давлатлар ҳудудига босқин ёки зарба берилиши мумкинми, деган савол Песков қуйидагича жавоб қайтарди:

“Агар бу ўзаро келишув асосида қилинган ҳаракат бўлмаса... Агар улар бизни бунга мажбурламаса, биз бу ҳақда ўйлай олмаймиз. Ва биз бу ҳақда ўйлашни хоҳламаймиз”. 

Эслатиб ўтамиз, 24 март куни Брюсселда бўлиб ўтган НАТОнинг фавқулодда саммити якунида альянсга аъзолар Украинага қўшин юбормасликка келишиб олдилар. Аммо НАТО Украинани кимёвий, биологик ва ядровий қуроллардан, шунингдек, кибермудофаадан ҳимоя қилиш учун ускуналар беради. Шунингдек, альянс Россия Қуролли Кучларининг Украинадаги махсус операциясига жавобан Европада қўшимча тўртта кўпмиллатли жанговар гуруҳлар тузади. Булар назарда тутилган ҳужжатда альянс қадамлари “профилактик, мутаносиб бўлиб қолиши ва инқирозни кучайтиришга қаратилмагани” таъкидланади. Унга кўра, НАТО шарқий қанотга 40 000 аскарни ва жавоб кучлари элементларини жойлаштирган

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

49

Рейтинг

2.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг