Россия бир кечада Украинанинг 24 та объектини йўқ қилди
Олам
−
06 Апрель 2022
14412Ўтган тунда Россия Аэрокосмик кучларнинг тезкор-тактик авиацияси ва Қуролли кучларнинг ракета қўшинлари Украинанинг 24 та ҳарбий объектини йўқ қилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игорь Конашенков маълум қилди.
"Улар орасида: Оса-АКМ зенит-ракета мажмуаси, бешта омбор, шунингдек, 11 та таянч нуқтаси ва Украина қўшинларининг ҳарбий техникаси жамланган ҳудудлар бор", дейди Конашенков.
Унинг таъкидлашича, юқори аниқликдаги "ҳаво-ер" ракеталари Радехов, Казатин, Просяная, Николаев ва Новомосковск аҳоли пунктлари ҳудудларида бешта ёқилғи-мойлаш базасини йўқ қилган. Ушбу омборлар Украина қўшинларининг Харьков, Николаев ва Донбассдаги гуруҳларини ёқилғи билан таъминлаб келган.
Бундан ташқари, мудофаа тизимлари Бердянск, Горняк, Уванский ва Чернобаевка ҳудудларида ҳавода тўртта дронни уриб туширган.
Игорь Конашенковга кўра, уруш бошланганидан бери Россия Қуролли Кучлари Украинанинг 125 та самолёт, 93 та вертолёт ва 407 та дронини йўқ қилган. Шунингдек, 227 та зенит-ракета комплекслари, 1981 та танклар ва бошқа зирҳли жанговар машиналар, 215 та бараварига реактив отиш тизими, 854 та дала артиллерияси ва миномётлари ҳамда 1 882 та махсус техника йўқ қилинган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь