Россия ҳарбийлари Северодонецкни босиб олди
Олам
−
26 Июнь 2022
17220Кеча, 25 июнь куни Россия ҳарбийлари Украина шарқидаги Луганск вилоятининг Северодонецк шаҳрини тўлиқ босиб, назорат ўрнатди. Украина қўшинлари эса шаҳарни тарк этди. Бу ҳақда шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Стрюк маълум қилган.
Қайд этилишича, Россия кучлари ишғол этилган шаҳарнинг янги маъмуриятини тайинламоқда.
“Шаҳар аллақачон Россия Федерациясининг тўлиқ назорати остида, улар у ерда ўз қоидаларини ўрнатишга ҳаракат қилмоқдалар. Билишимча, улар қандайдир активларни йиғувчи комендантни тайинлашди. Балки, уларнинг нуқтаи назаридан буни қилиш керакдир, лекин шаҳар шунчалик вайрон бўлганки, одамлар вазиятни ўнглаши жуда қийин", дейди Стрюк.
Луганск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдайнинг маълум қилишича, россияликлар Северодонецк марказида ва атрофдаги ҳудудларда –Сиротино, Вороново ва Боровскоеда мустаҳкам ўрнашмоқда.
Бир неча ҳафта давом этган авиазарбалар ва артиллерия зарбалари оқибатида Северодонецкдаги биноларнинг катта қисми вайрон бўлган. Уруш давом этаётган вақтда юз минг кишилик шаҳар аҳолисининг катта қисми бу ерни тарк этган.
Россия томонига кўра, “Азот” заводи остидаги бункерларда яширинган қолган тинч аҳоли эвакуация қилинган.
Айтиш жоизки, Северодонецкнинг йўқотилиши Россия деярли Луганск вилояти ва Донецк вилоятининг катта қисмини назорат қилишини англатади.
Жорий йилнинг 24 июнь куни россиялик ҳарбийлар Северодонецкка қўшни бўлган Лисичанск шаҳри жанубдан қамал қилинганини маълум қилганди. Кейинчалик Горское муниципалитети раҳбари Алексей Бабченко Лисичанск жанубидаги ҳудудлар Россия томонидан “тўлиқ ишғол қилингани”ни айтди.
“Афсуски, Горское тумани ишғол қилинди. Шаҳар четларида маҳаллий жанглар бўлмоқда, аммо душман шаҳарга кирган”, деганди Алексей Бабченко.
Вашингтондаги Урушларни тадқиқ қилиш институти экспертлари фикрича, россиялик ҳарбийлар Северодонецкни эгаллаши урушдаги ҳал қилувчи палла бўлмайди, аммо шаҳарни ҳимоя қилиш катта аҳамиятга эга эди: Украина Қуролли Кучлари жангларда асосий вазифани бажаришди – душманнинг ресурслари сарфланди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси