Путиннинг Украина билан урушдан чиқиш йўли йўқ - Байден
Олам
−
10 Май 2022
10472Россия Президенти Владимир Путин Украина билан урушдан чиқиш йўлига эга эмас. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден маълум қилди, дея хабар беради “Reuters”.
Америка етакчисининг фикрича, Путин жуда эҳтиёткор. Байден эса “ҳозир унинг (Путин – таҳр.) чиқиш йўли йўқлигидан” хавотирда. АҚШ Президенти буни қандай ҳал этишни тушунишга ҳаракат қилаётганини таъкидлади.
Байден, шунингдек, Путин Украинага бостириб кириш НАТО ва Европа Иттифоқини парчалайди, деб янглишганини айтган. Бунинг ўрнига АҚШ ва иттифоқчилар бирлашиб, Украинага ёрдамга келишган.
Эслатиб ўтамиз, 9 май куни АҚШ Президенти Жо Байден Украинага ленд-лиз ва демократияни ҳимоя қилиш тўғрисидаги S. 3522-сонли қонунни имзолади.
Қонун Қўшма Штатларга бюрократик қоғозбозликни камайтириш орқали Украинани Россия агрессиясидан ҳимоя қилиш учун зудлик билан қурол-яроғ билан таъминлаш имконини беради.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси